Самарқандда оромгоҳлар 10 июндан фаолият бошлайди, уларнинг мавсумга тайёргарлиги қандай?

Вилоятда 82 та ёзги оромгоҳ мавжуд. Бу йил уларда 23 минг 395 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Жумладан, 16 та доимий оромгоҳ 9415 нафар, 66 та кундузги оромгоҳ 13 минг 980 нафар болани қабул қилади.

Айни вақтда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олиши учун шароит яратиш борасида қилинаётган ишлар якуний босқичга келди. Жараён билан танишиш мақсадида болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг вилоят бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида оромгоҳларни кўздан кечирдик.

Дастлаб болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

- Шу йилнинг 10 июнидан вилоятдаги оромгоҳлар болажонларни босқичма-босқич қабул қилишни бошлайди, - деди Ф.Қиличева. –  Мавсум учун 11 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, айни вақтда оромгоҳларда тайёргарлик ишларининг сўнгги босқичи олиб борилмоқда. Мавсум давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида касаба уюшмалари вилоят кенгашида штаб ташкил этилган. Шунингдек, оромгоҳларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича аутсорсинг комиссияси таркиби тасдиқланиб, ҳар бир оромгоҳ раҳбари белгиланган аутсорсинг гуруҳи билан сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш бўйича шартномалар имзолади.

Илк манзилимиз Тойлоқ тумани Адас маҳалласидаги “Адас” болалар оромгоҳи бўлди. Оромгоҳ директори Шербек Жўраевнинг айтишича, бу йилги мавсумда тўрт навбатда 400 нафар бола қабул қилинади. Оромгоҳда таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, тажрибали педагог, тарбиячи ва тренерлар жалб қилинган. Ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона, маънавият зали ҳамда тўгараклар шай ҳолатга келтирилган.

Ургут туманининг тоғ ён бағрида жойлашган “Чор чинор” болалар оромгоҳидамиз. 1973 йилда қурилган оромгоҳ 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, атрофи манзарали ва мевали дарахтлар билан ўралган. Эътиборимизни тортгани, оромгоҳнинг қарийб 10 гектарга тенг ҳудудида бир қарич ҳам бекор ётган жой йўқлиги бўлди. Саккизта ётоқхона, тиббиёт бўлими, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, тўгараклар, бассейн ва концерт учун саҳна дейсизми, барчаси ҳисобга олинган.

- Бу йилги мавсумга алоҳида ҳозирлик кўрдик, - дейди “Чор чинор” болалар оромгоҳи директори Анвар Фазлиев. – Ётоқхоналардаги матрас, чойшаб, хоналардаги эскирган жиҳозлар, ошхонадаги идиш-товоқларнинг барчаси янгиланди. Болаларни соғломлаштириш, дам олишларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 50 нафардан зиёд тарбиячи-мураббий жалб этилди. Айни пайтда оромгоҳда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Оромгоҳларнинг мавсумга тайёргарлик ҳолатини ўрганиш давомида Самарқанд туманидаги “Алпомиш”, “Сафеди” ҳамда Нуробод туманидаги “Қўшчинор” оромгоҳлари кўздан кечирилиб, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини белгиланган муддатда якунлаш, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш, болаларнинг таътил давридаги ҳар бир кунини график асосида тўғри ташкил этиш соҳа масъуллари ва мутахассислар иштирокида тушунтирилди.

Фазлиддин Рўзибоев.