Оромгоҳ ходимлари спортда беллашди

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Ургут туманининг “Чорчинор” болалар ёзги дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳида спортнинг шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган спорт беллашувида вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган болалар ёзги дам олиш соғломлаштириш оромгоҳи ходимлари маҳоратларини синовдан ўтказишди.

– Бу каби спорт баҳсларини ўтказиш орқали ишчи-ходимларнинг нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда, балки ўзаро тажриба алмашишига имкон яратишга ҳам эришмоқдамиз, – дейди департаментнинг вилоят бошқармаси раҳбари Феруза Қиличева. – Келгусида босқичма-босқич мавжуд ёзги болалар дам олиш масканларини мавсумдан ташқари вақтда ҳам фаолият кўрсатишини йўлга қўйишни режа қилиб олдик. Маънавий-маданий тадбирларни ўтказиш, ташкилотлар ходимлари ва уларнинг фарзандларини ҳам жалб қилишга келишиб олдик.

Спорт баҳси якунида шашка бўйича биринчи ўринни Самарқанд туманининг “Самарқанд” оромгоҳи директори Фарид Хуррамов эгаллади. Стол тенниси баҳсида Ургут туманининг “Чорчинор” оромгоҳи директори Анвар Фазлиевга тенг келадигани топилмади. Шахмат беллашувида эса “Баҳора” оромгоҳи директори Суҳроб Хўжамов барчани енгиб, биринчиликни эгаллади.

Ғолиб бўлганлар ҳамда иккинчи ва учинчи ўрин эгаларига ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирлардаги ҳамкорлиги ва фаоллиги учун ОАВ ходимлари ҳам ташаккурнома билан тақдирланди.

Ҳ.Элтоев.