Эркаклар сони аёлларга қараганда сезиларли даражада кўп мамлакатлар: Қатар рекордчи(ми?)
Дунёнинг аксарият мамлакатларида эркаклар ва аёллар сони деярли тенг бўлса-да, бу мувозанат кескин силжиб турадиган ҳудудлар ҳам йўқ эмас: масалан, Қатарда аҳолининг қарийб тўртдан уч қисмини эркаклар ташкил қилади.
Жаҳон банкининг сўнгги маълумотларига кўра, Қатар аҳолисининг тахминан 72 фоизини эркаклардан иборат. Бу ҳар тўрт нафар аҳоли вакилидан деярли учтаси эркак эканини англатади. Иккинчи ўринни эгаллаб турган Бирлашган Араб Амирликларида эркаклар аҳолининг тахминан 64 фоизини ташкил этади.
Форс кўрфазининг бошқа давлатлари - Уммон, Баҳрайн, Қувайт ва Саудия Арабистонида ҳам жинслар нисбатида сезиларли номутаносиблик кузатилади. Бунинг асосий сабаби меҳнат миграцияси бўлиб, қурилиш, энергетика, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма соҳаларида кўплаб иш ўринларини таклиф этадиган Форс кўрфази мамлакатларига ишлаш учун миллионлаб хорижий ишчиларнинг катта қисмини эркаклар ташкил этади. Аҳолиси кам сонли мамлакатлардаги бундай оқим тезда умумий демографик вазиятни ўзгартириб юбориши табиий ҳол.
Оддий қилиб айтганда, гап бу мамлакатлардаги “қиз болаларга қараганда ўғил болалар туғилишининг кўплиги» ҳақида кетмаяпти. Мигрант ишчилар Қатар ва БААдаги статистик кўрсаткичларга катта таъсир кўрсатади: аҳоли таркибида уларнинг улуши қанчалик юқори бўлса, номутаносиблик шунчалик яққол намоён бўлади.
Жаҳон банкининг 2024 йилги маълумотларига кўра, Беларусда эркаклар аҳолининг тахминан 47 фоизини ташкил қилади. Худди шундай ҳолат Литва, Латвия, Украина ва Россияда ҳам кузатилади — бу мамлакатлардаги кўрсаткич тахминан 46–47 фоиз атрофида. Польшадаги эркаклар улуши бироз юқорироқ — тахминан 48 фоиздан иборат.
Рейтингга, шунингдек, эркаклар сони устунлик қиладиган Бутан, Экваториал Гвинея, Ҳиндистон ва Папуа-Янги Гвинея каби мамлакатлар ҳам киритилган. Шу билан бирга деярли барча жойда ўғил болалар туғилиши устунлиги кузатилиб, ўртача ҳар 100 қизга тахминан 105 ўғил туғилмоқда. Одатда бундай тафовутлар вақт-вақти билан ўзгариб туради. Шунингдек, бундай номутаносиблик Осиёнинг баъзи мамлакатларидаги ўғил болаларга бўлган маданий афзаллик ва жинсни танлаш билан боғлиқ амалиётлар билан янада кучайиши мумкин.
Демак, аҳоли таркибидаги эркаклар улушининг юқорилиги битта оддий сабаб билан эмас, балки демографик, иқтисодий ва миграцион омиллар мажмуи билан изоҳланади, десак тўғри бўлар экан.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.