Роботлар кўпаймоқда, оилалар-чи? Технологик тараққиёт инсониятни ёлғизлик сари етаклайдими?
Инсоният тарихида ҳар бир буюк ихтиро ҳаётни енгиллаштириш учун яратилган. Ғилдирак, электр, телефон, интернет... Бугун эса навбат сунъий интеллект ва инсон билан ҳиссий мулоқот қила оладиган роботлар замонига келди.
Яқинда Хитойда инсонни ҳиссий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга мўлжалланган сунъий интеллектли роботлар сотувга чиқарилганини дунё билди. Аввалроқ Жанубий Корея ва Японияда ҳам шундай ҳаракатлар бошлангани ҳақида эшитгандик. Энди бу “матоҳ” оммавий сотувга чиқарилган. Исталган киши буни сотиб олиши мумкин, дегани бу. Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, уларнинг асосий вазифаси - ёлғиз инсонларга ҳамроҳ бўлиш, кексалар билан суҳбатлашиш, руҳий тушкунликни юмшатиш ва инсоннинг эмоционал эҳтиёжларини маълум даражада қондиришдан иборат. Жуда эзгу ғоядек, бу. (Атом бомбаси ҳам аслида эзгу мақсадларда кашф қилинган).
Хитойда сўнгги йилларда ёлғиз яшовчилар сони кескин ошган. Яқингинада “Бир оила - бир фарзанд” тамойили асосида яшаган жамият бугун тобора кексайиб бормоқда. Ёшлар кеч турмуш қуради, айримлари эса умуман оила қуришни истамайди. Оила қурганлар учун фарзанд кўриш катта харажат талаб этадиган ортиқча ташвишдек. Иш, карьера, иқтисодий босим ва шахсий эркинлик биринчи ўринга чиқди. Буни бозор жуда тез англади ва кечагина ўйинчоқ ҳисобланган роботлар бугун миллионлаб долларлик бизнесга айланди. Рекламани кучини тан олиш керак - "Сизни тушунади". "Ҳеч қачон жанжал қилмайди". "Ҳар доим яхши кайфиятда". "Сизни эшитади." Бу ҳар қандай киши эътиборини тортади ва бу роботлар харидоргир бўлиб бораверади.
Булар Хитойда бўляпти, бизга таъсири йўқ, десангиз адашасиз - ўша кунлар албатта, бизнинг ҳам бошимизга келади.
Биз шу кунгача оилавий қадриятларимиз билан бутун дунёга ҳақли равишда мақтаниб келган миллатмиз. Бизда оила - муқаддас қадрият саналади. Оилада эрнинг, хотиннинг, болаларнинг ва катталарнинг ўз ўрни бор. Лекин бу қарашлар айни кунда хавф ёқасида, деб бемалол айтиш мумкин. Негаки, бир-икки авлод алмашиши билан бу қадриятларни сақлаш мушкулга ўхшаб боряпти. Яқин атрофни кузатсак, бунга амин бўламиз.
Жамиятда ўзига хос обрў-эътиборли таниш аёлнинг ёлғизгина ўғли бор, ёши 30 лар атрофида, шекилли. Қизини аллақачон узатиб юборган, 2 нафар набираси ҳам бор, қизидан кўнгли тўқ. Аммо ҳар сафар ўғлидан нолийди, бечора. “Агар турмуш ўртоғим эрта вафот этиб кетмаганида, шу ўғлимни аллақон уйлантириб, невара қучиб ўтирган бўлардим, буни нима қилиш керак! Ҳеч кимнинг гапи ўтмайди, уйланмайди - ит ётиш - мирза туриш!”, дейди доим бир гапни такрорлаб. Адашмасам, бу гапларни дастлаб эшитганимга ҳам 3-4 йиллар бўлиб қолди.
Йигитнинг яхши иши бор – дастурчи. Пули етарли, онасининг айтишича, ҳамма ҳавас қиладиган пул топади. Уйга келади, ишга кетади. Доим таксида юради. Машина минишни ҳам истамас экан. Яқинда уни кўргандим - роса семириб, тарвақайлаб кетибди. Онасининг гапига кўра, ҳеч ким билан тузук гаплашмас, дўстлашмас экан, “компьютери” билан гаплашиб ўтираркан, кўпинча.
Тушундим ва тасаввур қилдим...
"Салом, кунингиз қандай ўтди?", деб сўрайди алгоритм. Чой тайёрлигини эслатади. Мусиқа қўяди. Дардини эшитади. Туғилган кунини эслатади, табриклайди. Ҳатто "Мен сизни тушунаман", дейди.
Энди киши ҳақиқий инсон билан муносабат қуришга эҳтиёж сезмай қўяди. Чунки робот хафа бўлмайди, танқид қилмайди, талаб қўймайди.
Инсоний муносабатлар эса онгли масъулият талаб қилади. Оила сабр талаб қилади.
Психолог З.Камилованинг айтишича, инсон эҳтиёжларининг энг юқори босқичларидан бири - меҳр, яқинлик ва ҳақиқий эмоционал муносабатлардир. Робот инсоннинг овозини таҳлил қилиши мумкин, юз ифодасини аниқлайди, кайфиятни тахмин қилади, аммо у ҳис қилмайди. У фақат алгоритмни, юклатилган дастурни бажаради.
Социологлар эса бу масалага кенгроқ нуқтаи назардан қарайди. Уларнинг фикрича, сунъий интеллектли ҳамроҳлар ёлғизлик муаммосининг сабаби эмас, балки жамиятдаги ўзгаришларнинг маҳсулидир. Бироқ улар ёлғизликни вақтинча енгиллаштириши билан бирга, инсоннинг жонли мулоқотга бўлган эҳтиёжини ҳам камайтириши мумкин.
Бугун ёшлар Ўзбекистонда энг кўп оммалашган сунъий интеллект модели - ChatGPT билан шахсий муаммолари бўйича “дардлаша” бошлагани ҳам айни ҳақиқат-ку.
Ёки катта ёшлиларни мисол қилиш мумкин - мобил телефони бўлган ҳар қандай киши бугун “ижтимоий тармоқлар”да бўш вақтини ўтказади. Интернет исталган маълумотни сизга бир зумда топиб беради, вақтингизни ўғирлайди, банд қилиб қўяди. Яқинда “Фейсбук”да кўзим тушганди. Таниқли журналистлардан бири ҳазил тариқасида бир пост қўйган. Мазмуни - у кечаси бир нарса ҳақида хаёл қилади. Эртаси куни қарабсизки, ўша маълумотлар пешма-пеш олдидан чиқаверади, у ҳали бу ҳақида қидирув бермаган, қизиғи. “Интернет бизнинг фикрларимизни ҳам ўқиб оляптими?” деган мазмундаги пост эди у.
Ёки катталар учун яна бир мисол. Кулгили, шу билан бирга ачинарли вазият. Ҳамкасбимиз 70 яшар отасига замонавий телефон совға қилибди. Отаси араб тилини ўрганмоқчи ва Қуръони Каримдан сабоқ олишни ният қилган экан. Бироз вақтдан сўнг онаси шу кишига қаттиқ танбеҳ берибди. “Отангни айнитдинг”, дебди. Онасининг айтишича, отаси вақтини фақат интернетда ўтказаркан. Намозлариям чала қоладиган бўлибди. “Умрага бориб келган одамни йўлдан оздирдинг, энди телефонидан бўлар-бўлмас видеолар кўриб, вақтини ўтказяпти, дунё билан иши йўқ”, дебди онахон. Ҳамкасбим буни кулиб, ҳикоя қилиб берганди. Лекин бунга кулиб бўладими?
Оилавий ажрим муҳокамаларида иштирок этсангиз, эр ёки хотин “телефонидан” бўшамаслигини бот-бот такрорлайдилар, бир бирини айблаб. Кейин буни ортидан хиёнат келиб чиқади ва бошқа сабаблар. Балонинг бошланиши - ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ.
Энди ҳам Хитойнинг куни бизнинг бошимизга тушмайди, деб айта оласизми? Биз ҳам аста-секинлик билан ўша “томонга” ҳаракатланяпмиз, босқичма-босқич, фақат зинанинг пастроғидамиз.
Албатта, тараққиётни, замонавий технологияни бутунлай инкор этиш ҳам адолатдан эмас. Дейлик, фарзандлар хорижда. Отахон ё онахон кун бўйи уйда ёлғиз. Шундай инсонлар учун робот дори вақтини эслатса... Қон босимини назорат қилса... Суҳбатлашса... Тез ёрдам чақирса... Бундай ҳолатда робот инсон ўрнини эмас, инсонга кўмакчи вазифасини бажаради. Бу - тараққиётнинг ижобий томони.
Аммо ёшлар учун-чи? Энг ташвишли жиҳат ҳам шу ерда. Айрим маълумотларга кўра, дунёда бундай роботларга қизиқиш кексалардан кўра ёшлар орасида юқори. Нега? Чунки ҳақиқий муносабат қуриш қийин.
Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида туғилиш даражаси пасаймоқда. Никоҳ ёши кечикмоқда. Ёлғиз яшовчилар кўпаймоқда. Бунинг сабаблари кўп. Иқтисод, карьера, уй-жой муаммоси, эркин ва масъулият талаб этмайдиган, ҳеч кимга ҳисоб бериш шарт бўлмаган турмуш тарзи ва ҳоказолар. Шу боис ҳам ёшлар турмуш қуришни ортиқча бошоғриқ сифатида кўра бошлади. Вариант бўлгач, ҳамма арзон ва қулай усулни танлаши, табиий ҳол.
Тараққиёт инсоният ҳалокатини тезлаштиряптими? - масала шунда... Биз тезкор замонда инқилобий кашфиётларни қарши олган авлод бўлдик – щтган асрнинг 90-йилларида мобил телефонлар пайдо бўлди, 2000 йилларда интернет ва ижтимоий тармоқлар, бугун эса инсон ҳиссиётларини такрорлай оладиган сунъий интеллект моделлари... 30 йил ичида ҳаётимизга кириб келган бу янгиликларни ҳазм қилишимиз осон бўлмаяпти. Тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Роботлар янада ақлли бўлиб бораверади. Сунъий интеллект янада ривожланади. Аммо бир ҳақиқат аён - инсонга инсон керак. Ҳеч қандай алгоритм она алласининг ўрнини босолмайди. Ҳеч қандай робот фарзанднинг "дада" деган биринчи сўзини ҳис қилолмайди. Ҳеч қандай дастур оиланинг меҳрини қайта ярата олмайди. Технология ҳаётни енгиллаштирар, аммо инсон қалбини тўлдиролмайди. Агар бир кун келиб улар инсоннинг энг яқин суҳбатдошига айланса, бу техника ютуғи бўлиши мумкин.
Лекин инсоният учун бу энг оғриқли мағлубиятлардан бирига айланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки цивилизациянинг ҳақиқий кучи сунъий интеллектда эмас, мустаҳкам оила, меҳр-оқибат ва тирик инсонлар ўртасидаги муносабатларда намоён бўлади.
Хавотиримиз ҳам шундан. Нима дедингиз?
Гулчеҳра Бердиёрова,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.