Республика ёш ишбилармонлари Самарқандда бирлашди

Семинар доирасида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси”, олий таълим муассасалари ва ўқув марказлари фаолияти, ёшлар томонидан етиштирилган ва тайёрланган қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
- Самарқанд тумани Ширинобод маҳалласида яшайман, - дейди Ҳикматилло Усмонов. – Ўтган йили аукционда қатнашдим ва менга 25 сотих ер майдони ажратилди. Бу ерда картошка, помидор, бодринг ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлар етиштиряпмиз. Картошканинг ўзидан 10 миллион сўм даромад қилдим.
Кўргазмада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ёш ҳунарманд, тадбиркор ва деҳқонлар иштирок этяпти.
- Ота-онам кўмагида оилавий корхона ташкил қилдим, - дейди Каттақўрғон туманида яшовчи Рухшона Турдиева. – Бу ерда бирор замонавий ускуналар ёрдамида эмас, фақат қўл меҳнати орқали сутни қайта ишлаймиз. Яъни, қатиқ, қаймоқ, сариёғ ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаймиз. Корхонада 8 нафар тенгдошимни иш билан таъминлаганман. Бир кунда 300 литр сут қайта ишланяпти.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасида ўзлари етиштирган маҳсулотлар билан қатнашаётган ёшлар орасида нафақат Самарқанд вилояти, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган йигит-қизлар бор.
- Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидан келдим, - дейди ёш деҳқон Жалолиддин Раимбоев. – Ишсиз эдим. Деҳқончиликка қизиқардим. Томорқада ишлай, десам ҳовлимиз бор-йўғи 7 сотих эди. 50 йил муддатга ёшлар учун ер ажратилаётганини эшитиб, аукционда қатнашдим ва 1 гекатр ер майдонини ютиб олдим. Бу ерда оилавий, яъни 7 киши меҳнат қиламиз. Сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиряпмиз. Ўтган йили шу ердан 120 миллион сўм даромад қилдик. Бу йил 200 миллион сўмлик маҳсулот етиштиришни режалаштириб турибмиз.
Бу кўргазмалар баҳонасида турли ҳудуд ёшлари бир-бирлари билан учрашиб, суҳбатлашяпти, дўстлашяпти ва ўзаро тажриба алмашяпти.