Мақсад - ишсизликка барҳам бериш, жиноятчиликнинг олдини олиш

Самарқандда ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, ишсизлигига барҳам бериш бўйича “Маҳалла еттилиги” аъзолари ва таълим муассасаларининг ҳамкорлик қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий семинар ўз ишини бошлади.

Мазкур республика семинарнинг очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Маҳл Сабине ва бошқа масъуллар иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараси ҳаыида гапириб, семинар ишига муваффақият тилади.

- Президентимиз томонидан республика, вилоят, шаҳар ва туман ҳамда маҳалла даражасидаги раҳбар ва масъул ходимларни ёшлар сиёсати бўйича ишлашнинг янгича ёндашувини белгилаб берганлиги ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолатини шахсан ўзлари назорат қилиб, сўраб турганликлари бежизга эмас, - деди вилоят раҳбари А.Бобоев. - Биргина ушбу йилнинг ўзида икки маротаба ёшлар билан учрашиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, муаммоларини тинглаб, ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича янгидан тизим яратиб берганлиги ҳам ушбу семинаримизнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эганлигини билдиради.

Уч кун давом этадиган семинарда ёшлар бандлигини таъминлашда “Маҳалла еттилиги”нинг ўрни, олий таълим муассасаларидаги ёшлар билан ишлаш ва битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш, ёшлар етакчиларининг таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш тизими ва болалар ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшлар жиноятчилигининг олдини олишда профилактика инспекторлари ва ёшлар етакчилари ҳамкорлиги, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш, маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, маҳаллаларда фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар, IT, стартап лойиҳа ва дастурлар асосида ишлаётган ёшлар фаолияти ўрганилади.

Тўлқин Сиддиқов,

Фазлиддин Рўзибоев.