Россияда ёнилғи инқирози
Россияда кенг кўламли ёнилғи инқирози кузатилмоқда. Мамлакатнинг 50 дан ортиқ ҳудудида бензин ва дизель сотувига чекловлар жорий этилган, жойларда бир кишига бериладиган ёқилғи ҳажмига лимит ўрнатилди (масалан, бир шахсга 20 литргача). Муаммо Москва, Москва вилояти, Липецк, Тверь, Тула ва бошқа вилоятларни қамраб олмоқда.
Айрим ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин захиралари тугаб қолган бўлса, бошқаларида сотувга вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Қатор ҳудудларда ҳайдовчилар узун навбатларга дуч келган. Ижтимоий тармоқларда эса ёнилғи топиш қийинлашаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар пайдо бўлмоқда. Муаммо Қрим ва Севастополда ҳам кузатилган.
Ёнилғи танқислигига олиб келган омиллардан бири деб муҳим нефтни қайта ишлаш завод ва инфратузилма объектларига Украина дронлари томонидан мунтазам уюштирилаётган ҳужумлар кўрилмоқда. Маълумотларга кўра, Россияда бензин ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридаги ўртача кўрсаткичга нисбатан қарийб 25 фоизга камайган. Шу билан бирга, ҳукумат муаммони нафақат ишлаб чиқаришдаги узилишлар, балки логистикадаги қийинчиликлар ва талабнинг ошиши билан ҳам изоҳламоқда.
Ҳозирча расмийлар вазият назорат остида эканини таъкидлаётган бўлса-да, мамлакатнинг турли ҳудудларида ёнилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар ва аҳоли норозилиги сақланиб қолмоқда.
Украина эса ҳужумларини давом эттирмоқда. Бугун тунда дронлар аннексия қилинган Қримга зарба берди: Севастополда электр таъминоти тўлиқ узилган, зарба Балаклава иссиқлик электр станциясига берилгани айтилмоқда.