Янги ўзбекистон бунёдкорлари катта ҳаётга қадам қўйишди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети академик лицейида “Бугунги лицей битирувчиси - эртага Янги Ўзбекистон бунёдкори!” шиори остида 2025-2026-ўқув йили битирувчиларига диплом топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда лицей раҳбарияти, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Мазкур қутлуғ даргоҳда чуқурлаштирилган махсус дастурлар асосида таълим олган 227 нафар ўқувчи бугун катта ҳаётга йўлланма олди. Битирувчиларнинг машаққатли меҳнатлари ва юқори интеллектуал салоҳияти натижаси ўлароқ, уларнинг 194 нафари (85,5%) муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлиш арафасида турибди. Ушбу ўқув йилида лицей ёшлари миллий ва халқаро даражадаги фан ҳамда тил сертификатларидан жами 453 та қўлга киритишди. Қувонарлиси, битирувчиларнинг 50 нафари бир йўла 5 та фандан сертификат соҳибига айланган.
Жорий йилги битирувчилар орасида 11 нафар олтин ва 3 нафар кумуш медаль соҳиблари борлиги, шунингдек, 46 нафар ўқувчининг лицейни аъло даражали диплом билан тамомлаётгани муассасадаги юксак таълим сифатидан далолат беради. Хусусан, табиий фанлар йўналиши ўқувчиси Асилбек Муратов биология фанидан вилоят олимпиадасида фахрли 3-ўринни эгаллаб, Республика босқичида фаол иштирок этди. Тадбир давомида ўқувчиларнинг спорт соҳасидаги ютуқлари ҳам алоҳида эътироф этилди — «5 ташаббус олимпиадаси» доирасида лицей ёшлари шахмат, шашка, волейбол ва эркин кураш турлари бўйича вилоятда фахрли ўринларни банд этишди.
Бундай юксак марраларни забт этишда лицейнинг жонкуяр ва фидойи устозларининг хизмати беқиёсдир. Бугунги кунда даргоҳда 60 нафар малакали педагог таълим-тарбия бериб келмоқда. Диққатга сазовор жиҳати, улардан 11 нафари Самарқанд давлат университетининг профессор-ўқитувчиларидир. Асосий штатдаги ўқитувчиларнинг 27 нафари бош ўқитувчи, 12 нафари эса етакчи ўқитувчи мақомига эга. Педагогларнинг 43 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлса, хорижий тил ўқитувчиларининг барчаси (10 нафари) С1 даражадаги юқори миллий сертификат соҳибларидир.
Тантанали тадбир давомида битирувчиларга дипломлар, уларнинг ота-оналарига эса ташаккурномалар топширилди. Ёшлар Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга ва «Янги Ўзбекистон» бунёдкори бўлишга ваъда бердилар.