Жомбойлик иқтидорли ёшлар СамДУга таклиф этилди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида мактаб битирувчиларини олий таълимга жалб этиш ва касбга йўналтириш мақсадида навбатдаги «Очиқ эшиклар куни» бўлиб ўтди.

Тадбирда Жомбой туманидаги мактаблардан келган 50 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этди. Мулоқот давомида соҳа мутахассислари - СамДУ ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Умидуллаев, ўқув бўлими бош мутахассиси Самад Толлибоев, маркетинг ва талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Мурод Ҳожиевлар абитуриентларга университетнинг илмий ва таълим салоҳияти ҳақида батафсил маълумот беришди.

Тадбир давомида ўқувчилар университет таркибидаги институт ва факультетлар, таълим йўналишлари, халқаро ҳамкорлик ва талабалар учун яратилган имкониятлар билан танишди. Битирувчилар университетнинг замонавий илмий лабораториялари ва музейларига саёҳат қилиб, илм-фан муҳитини яқиндан ҳис этди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган йўналишлар бўйича мутахассислардан керакли тавсиялар олди.