Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари

ҳамда уларни миллий ҳуқуқ тизимига имплементация қилиш
 
Ҳар бир даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва риоя этилишини назорат қилиш ўз долзарблигини йўқотмайди. Инсоннинг ҳуқуқ, эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш давлатларнинг асосий вазифасидир. Бутун жаҳон миқёсида инсоннинг асосий эркинликлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида қаралади. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш деганимизда, биринчи ўринда кўз олдимизга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти келади.
Аслида инсон ҳуқуқлари ғоясининг шаклланиши қадимги даврларга бориб тақалади. Қадимги Юнонистон ва Рим ҳуқуқий қарашларида инсоннинг табиий ҳуқуқлари ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўлган. Кейинчалик ўрта асрларда диний ва фалсафий таълимотлар инсон қадр-қиммати ва адолат тамойилларини ривожлантирди. ХVII–ХVIII асрларда эса табиий ҳуқуқлар назарияси (Ж.Локк, Ж.Ж.Руссо каби мутафаккирлар) асосида инсон эркинлиги ва тенглиги ғоялари мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқлари ривожида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида 1776 йилги АҚШ Мустақиллик декларацияси ва 1789 йилги Франция Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси алоҳида аҳамиятга эга. Бу ҳужжатлар инсон ҳуқуқларини давлат томонидан тан олиш ва кафолатлаш тамойилини шакллантирди.
Вақт ўтиши билан инсон ҳуқуқлари масаласи халқаро ҳуқуқ доирасида алоҳида тизимлашиб, ўз предмети, принсиплари ва институтларига эга бўлди. Натижада у халқаро оммавий ҳуқуқдан мустақил йўналиш сифатида ажралиб чиқди. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари алоҳида фан сифатида шаклланган бўлиб, у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва миллий механизмларини ўрганади, шунингдек, давлатларнинг бу борадаги мажбуриятларини таҳлил қилади.
Инсон ҳуқуқлари халқаро тизимининг шаклланиши ва ривожланиши юридик фанда фундаментал аҳамиятга эга бўлган "Инсон ҳуқуқлари авлодлари" концепти билан узвий боғлиқ. Ушбу назария халқаро ҳуқуқий нормаларнинг нафақат тарихий эволюциясини, балки уларнинг давлатлар ички ҳуқуқий тизимига интеграциялашув тенденцияларини ҳам тушунишга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқларининг биринчи авлоди (фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар) классик либерализм ғоялари ҳамда тарихий конститутсиявий ҳужжатлар, хусусан, Англиянинг Habeas Corpus Act (1679), АҚШ Мустақиллик декларацияси (1776) ва Франциянинг Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси (1789) таъсирида юзага келган. Бу даврда инсон ҳуқуқлари тизими, асосан, "салбий ҳуқуқлар" (negative rights) характерига эга бўлиб, давлатнинг шахсий эркинликлар соҳасига асоссиз аралашмаслигини ҳамда шахс дахлсизлигини таъминлашни талаб этган.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ташкил этилиши ва 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қабул қилиниши билан мазкур консепция универсал даражага кўтарилди. БМТ доирасидаги халқаро-ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари инсон ҳуқуқларининг ҳам биринчи, ҳам иккинчи авлодини (иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар) ягона халқаро стандарт сифатида мустаҳкамлади. Иккинчи авлод ҳуқуқлари биринчисидан фарқли олароқ, "ижобий ҳуқуқлар" (positive rights) саналиб, давлат зиммасига фуқаролар учун муносиб ҳаёт даражаси, меҳнат қилиш, ижтимоий ҳимоя ва таълим олиш имкониятларини яратиш бўйича позитив мажбуриятларни юклайди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) конвенциялари ушбу иккинчи авлод ҳуқуқларининг халқаро меҳнат стандартлари доирасида кодификация қилинишида етакчи рол ўйнади.
ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХI аср бошларига келиб, глобаллашув ва деколонизация жараёнлари таъсирида инсон ҳуқуқларининг учинчи авлоди (коллектив ёки бирдамлик ҳуқуқлари — тинчлик, ривожланиш, тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлар) ва ахборот асрининг шиддатли тараққиёти натижасида тўртинчи авлод (рақамли ҳуқуқлар, кибер-маконда шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва биоетика) концептлари юридик дискурсга кириб келди.

Шу нуқтайи назардан, бугунги кунда инсон ҳуқуқларининг халқаро ҳимоя механизмлари ҳамда миллий қонунчилик тизимларининг ўзаро нисбатини таҳлил қилишда ҳуқуқларнинг ушбу авлодлари ўртасидаги диалектик алоқани ҳисобга олиш зарур. Зеро, биринчи авлод ҳисобланган камситилмаслик ва тенглик принсиплари бугунги кунда иккинчи авлод (меҳнат ҳуқуқлари) ва учинчи авлод (ижтимоий бирдамлик) тизимида янгича ҳуқуқий инструментлар орқали намоён бўлмоқда. Давлатларнинг халқаро конвенсиявий мажбуриятлари тизими айнан мана шу турли авлодларга мансуб ҳуқуқларнинг миллий қонунчиликда мутаносиб (пропорционал) тарзда таъминланишини талаб этади.
Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқий тизимининг энг самарали институтсионал механизмларидан бири бу БМТнинг Шартномавий (Конвенсиявий) қўмиталари (Treaty Bodies) ҳисобланади. Мазкур қўмиталар БМТнинг сиёсий органларидан фарқли олароқ, мустақил экспертлардан иборат бўлиб, давлатлар томонидан муайян конвенсиялар ижросининг қай даражада таъминланаётганини ҳуқуқий жиҳатдан назорат ва мониторинг қилади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий конвенсияларига қўшилиши орқали унинг доирасида ташкил этилган деярли барча универсал конвенсиявий қўмиталарнинг юрисдиксиясини тан олган ва улар билан доимий мулоқот тизимини йўлга қўйган.
Халқаро миқёсда инсон ҳуқуқларининг "Конституцияси" ҳисобланган 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларатсияси (ИҲУД) ва унинг асосида қабул қилинган халқаро пактлар универсал ҳуқуқий стандартларни белгилаб берган.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мазкур декларатсиянинг фундаментал ғояларини шунчаки декларатив тарзда қабул қилмай,уларни аниқ императив моддалар шаклида ўз ҳуқуқий тизимига интегратсия қилди. Янги таҳрирдаги Конститутсиямизда ҳам Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошди. Бу инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор ортиб боришининг яққол мисоли десак муболаға бўлмайди. Конститутсиямизда айтиб ўтилганидек қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади, фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликлари олди олинади.
Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги қайд этилдики, ушбу норма одамлар ҳаётини янада енгиллаштиради. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу норма фуқароларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларнинг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши таъкидланди. Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимизни Ватани билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданиятини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришига, она юрти – Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.
Конституциявий мувофиқлик ва таҳлил: Мазкур халқаро норма Конституциямизнинг 27-моддасида ўзининг энг мукаммал юридик ифодасини топди. Унга кўра, шахс суддан ташқари 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳамда қамоққа олишга фақат суд қарори билан йўл қўйилиши (Habeas Corpus prinsipi) конституциявий норма сифатида муҳрланди.
Илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, Декларациянинг умумий характердаги принсипи миллий Конституцияда аниқ муддатлар (48 соат) ва аниқ процессуал механизмлар билан бойитилган. Бу эса декларатив норманинг реал амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.

Халқаро декларациялар ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг қиёсий таҳлили шуни кўрсатадики, миллий қонунчилик халқаро ҳуқуқнинг декларатив нормаларини шунчаки нусхаламай, уларни амалиётда қўллаш мумкин бўлган императив механизмларга айлантирган. ИҲУД принсиплари Конституцияда давлат органлари мажбуриятларини ва шахснинг процессуал кафолатларини белгилаш орқали ўзининг мантиқий якунини топган. Бу эса инсон ҳуқуқлари ва конститутсиявийлик ўртасидаги диалектик алоқадорликнинг олий намунасидир.
Инсон ҳуқуқлари халқаро тизимининг ривожланиши ва “инсон ҳуқуқлари авлодлари” консепсияси бугунги кунда давлатларнинг ҳуқуқий тизимлари билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. Ушбу жараён фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бошлаб, иқтисодий-ижтимоий ҳамда янги авлод ҳуқуқларигача бўлган кенг қамровли тизимнинг шаклланишига олиб келди. БМТнинг конвенсиявий қўмиталари эса давлатлар зиммасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиб, инсон ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнамоқда. Ўзбекистон Республикасида эса инсон ҳуқуқларининг Конституция даражасида кенг кафолатланиши ва халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка изчил интегратсия қилиниши бу соҳадаги ислоҳотларнинг асосий ёъналишларидан биридир.

Зарина БЕГНАЗАРОВА,
Нилуфар ШУҲРАТОВА,
ТДЮУ ҳузуридаги Самарқанд вилоят академик лицейи 2-босқич талабалари.