Китоб сайли жуда керак
Китобхонлик тарғиботининг янгича маънавий-маърифий услуби – китобхонлик фестивалининг Иштихонда вилоят миқёсида ўтказилиши жуда ажойиб иш бўлди. Бу тадбир давлатимиз раҳбарининг китобхонликни оммалаштириш борасидаги таклифларига муносиб жавоб ҳам. Анжуманнинг туман марказий истироҳат боғида, аллақачон маърифий гўшага айланган жойда ўтказилиши эса унинг жозибадорлигини таъминлади.
Истироҳат боғи ўртасига китобга ҳайкалнинг ўрнатилиши, очиқ кутубхонанинг борлиги, ҳар бир туман ва шаҳардан кутубхоначилар баробарида фаол китобхонлар ва ижодкорларнинг келиши, республика маънавият-маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоеванинг ташриф буюриши тадбир салоҳиятини оширди.
Эрталаб 9 дан бошланган фестиваль кечки концерт билан якунланди. Бир кун давомида мутолаасеварлар ўз китобларини, китоблардаги асарлардан парчаларни намойиш қилиш баробарида бир-бирлари билан мулоқотда бўлишга ҳам улгурдилар. Иншолар танлови, «Заковат» ўйини ғолиблари эса китоб ўқиш нечоғлик обрў келтиришини исботладилар.
Дарвоқе, фестивалда 80 ёшдан ошган таниқли адиблар Исмат Санаев (Пахтачи), Ҳайриддин Бегматов (Нарпай), шунингдек, Шаҳриддин Умиров (Иштихон), Ориф Тўхташ (Тошкент) иштирок этиши ўзгача завқ бағишлади.
Бу – менинг таассуротларим, қувончларим ва ташаккурларим. Энди ана шу фестиваль баҳонасида китобхонликни келгусида янада оммалаштириш учун ўз таклифларим билан ўртоқлашсам.
Аввало, эслатиб ўтишим керакки, олдинги даврда айнан китоб тарғиботи юзасидан давлат органлари зиммасига масъулият юклатилган ва бу жабҳада бир қатор жамоат ташкилотлари фаолият юритган, кўчма кутубхоналар бўлган. Муҳими, одамларда китоб ўқишга иштиёқ яратилган. Албатта, бугун биз бошқача шароитда яшаяпмиз. Ниманидир танқид қилиш ёки ўзимизни оқлашдан фойда йўқ. Гап китобхонлик тарғиботини инсон эҳтиёжига мос равишда шакллантириш устида боряпти. Бундай ҳолда шу соҳадаги барча тажрибалардан оқилона фойдаланмоқ зарур.
Бугун фестиваль ва сайллар кўп: нон сайли, қовун, помидор, қовоқ, узум, майиз, асал, қўйингки, ноз-неъматнинг барча турига сайллар уюштирамиз. Китобхонликда ҳам ана шу тадбирлар ташкилий жиҳатларини қўллаш керак. Масалан, асал сайлида бу маҳсулот минглаб усулда намойиш этилади. Ҳар бир идишда унинг макони, фойдаси, эгаси ёзилади ва асалчи ўз маҳсулотининг моҳиятини келганларга тушунтиради. Олимлар, тадбиркорлар эса асалдан олинаётган янги маҳсулотларни намойиш қиладилар. Қизиғи шундаки, ҳар бир павильонда бу ноёб неъматни татиб кўришингиз мумкин.
Таклифим шуки, китоб сайлида ҳам ана шу тартиб бўлиши лозим. Уни ҳар бир туманда ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Негаки, вилоят фестивалида туманлар мутахассисларининг келиб кетиши, юкларни ташиш ва бошқа ташвишлар анча қийинчилик туғдирди. Йўлдаги вақт сарфи ҳам ҳисобга олиниши керак. Сайл бемалол павильонларни айланиб, китоблар билан танишиш, муаллифлар билан суҳбатлашиш, бирор асар асосидаги саҳна кўринишларини томоша қилиш, чой ёки кофе ичиб, 5-10 варақ китоб ўқишга, ўз таассуротларини ким биландир ўртоқлашишга имкон берсин.
Яна бир жиҳати, бундай тадбирни ахборот-ресурс, маънавият-маърифат марказлари ходимлари зиммасига ташлаб қўйиб бўлмайди. Унда мактабнинг тил ва адабиёт фани ўқитувчилари фаол бўлишсин. Чунки ёшлардагина эмас, катталарда ҳам мутолаа малакасини шакллантириш уларнинг бевосита вазифасига киради.
Ҳар бир тумандаги тадбирга шу тумандан етишиб чиққан ва бугунги кунда бошқа ерда яшаётган таниқли ижодкорларни таклиф этиш унинг қизиқарли бўлишини таъминлайди. Шу вақт ичида янги китоблар тақдимотини ўтказиш мумкин. Бундай сайллар саҳнанинг бир жойида бўлгани маъқул. Унда белгиланган муддатда саҳна асарлари, ифодали ўқиш, шоирлар чиқиши бўлиши мумкин.
Китоб сайлининг жойларда ўтиши уни ташкил этишда ҳам қулайлик туғдиради. Бир сўз билан айтганда, бизга ҳар бир оилада, ҳар бир жамоада китоб ўқиш одатини шакллантиришга имкон беради.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир мулоҳазамни айтиб ўтмоқчиман: ҳозирги пайтда янги иншоотлар очилишида қурувчиларга қимматбаҳо совғалар берилади, зар чопон кийгизилади. Бу усулдан мутлақо воз кечиш пайти келди. Биринчидан, қурувчи иншоотни ўз пулига қурган эмас. Иккинчидан, берилаётган ҳадялар ҳам унинг эҳтиёжига тўғри келмайди. Шундай экан, муайян давр ичида чиройли биноларни қурган касб соҳибларини ана шу китоб сайлига таклиф этиб, кўпчилик кўз ўнгида китоб жамланмалари совға қилинса яхши эмасми?! Ўзи ўқимаса, фарзандлари ўқийди.
Хулоса сўзим шу: китоб сайли бизга жуда ҳам керак, фақат уни жойларда эркин, самимий иштиёқ билан ўтказиш чораларини кўрайлик.
Фармон ТОШЕВ.