СамДУнинг интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов, вилоятдаги олий таълим муассасалари ректор ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида республикадаги 18 та олий таълим муассасасида 9980 ўринли янги талабалар тураржойи ҳамда минг ўринли ўқув бинолари бир вақтда фойдаланишга топширилишга старт берилди.
Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетининг янги биноси замонавий ва шарқано меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган бўлиб, тўрт қаватдан иборат ва 1200 нафар талабани қабул қилиш имконига эга.
– Муассасада ахборот технологиялари, сунъий интеллект, амалий математика йўналишларида бакалавр, магистр, доктарантлар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган, – дейди факультет декани Файзулла Назаров. – Бино кактус кўринишида бўлиб, рамзий маънода Мирзо Улуғбек бобомизнинг расадхонасига қиёсланган. Ёруғ ва шинам маъруза, ўқув хоналари, кутубхона ҳамда илмий-амалий лабораториялар ўқитувчи ва тадқиқиотчилар ихтиёрида. 2025-2026 ўқув йилидан ушбу замонавий бинода 1000 нафар талаба ўқишни бошлайди.
Президентимизнинг 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришиш вазифаси белгиланган.
Шунга кўра, факультетда сунъий интеллект илмий лабораторияси ташкил этилган бўлиб, талабалар ёш тадқиқотчилар ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилишга қаратилган илмий ишланмалар ва янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, киберхавфсизлик, математик моделлаштириш, робототехника лабораториялари ҳам мавжуд.
- Лабораториямизда турли соҳаларга йўналтирилган сунъий интеллект интеграцияси билан ишлаш имконияти мавжуд, - дейди илмий тадқиқотчи Мунис Ҳамдамов. - Хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳа, тиббиёт, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаларида тадқиқот олиб боряпмиз. Ўзим Буюк Британияда сунъий интеллект бўйича магистратурада ўқиб келдим. Ҳозирда автоҳалокатларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчилар учун автомобилларга сунъий интеллект интеграция қилган камера ўрнатиш устида ишлаяпман. Бунда сунъий интеллект орқали ҳайдовчининг ҳорғин, уйқусизлик, чарчоқ ҳолатлари олдиндан аниқланади.
Шу билан бирга, тирбандликни олдиндан аниқлаш устида ҳам ишлаяпман. Бу орқали сунъий интеллект моделлари чорраҳа ва йўллардаги камера тасвирларини қайта ишлаб, кўчалардаги тирбандликни олдиндан прогноз қилиб беради.
Тадбир давомида иштирокчилар янги ўқув биносида талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Фазлиддин Рўзибоев.