Самарқанд давлат университетига 5 юлдузли университет мақоми берилди

Самарқанд давлат университети Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб QS Stars рейтингида 5 юлдузли мақомга эга бўлди.

QS Stars тизими олий таълим муассасаларини глобал миқёсда баҳоловчи Буюк Британиянинг QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, университетларни 13 категория бўйича баҳолайди: таълим сифати, битирувчиларнинг ишга жойлашуви, тадқиқот, халқаролаштириш, академик ривожланиш, қулайликлар, онлайн таълим, инновациялар, санъат ва маданият, инклюзивлик, ижтимоий масъулият, атроф-муҳитга таъсир ва танланган мутахассислик. Рейтингга кириш учун университетлар камида 8 йўналишни танлаб маълумот тақдим этади.

QS компанияси Самарқанд давлат университети фаолиятини баҳолашни 2023 йил 1 ноябрда бошлади ва натижалар 2024 йил эълон қилинди.

Натижада университет максимал 1000 баллдан 780 балл тўплаган (5 юлдузли университет бўлиш учун минимал кўрсаткич 700 балл).

QS томонидан глобал миқёсда иш берувчилар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, Самарқанд давлат университети 158 нафар иш берувчилар томонидан сифатли кадрлар етказиб бериши эътироф этилган.

Университет битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи ўқишни тугатгандан кейин 24 ой ичида доимий ишга жойлашган. Университетда ташкил этилган “Карьера” маркази ишга жойлашиш хизматлари натижасида битирувчиларнинг ишга жойлашиши кўрсаткичи ҳам 5 юлдузга эга бўлди.

Кейинги йилларда СамДУда 20 га яқин қурилишлар: ўқув бинолари, талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари, илмий лабораториялар, IT марказ барпо этилди. Бу эса QS рейтинг агентлиги томонидан эътироф этилди ва университетда яратилган қулайликлар категорияси бўйича ҳам 5 юлдуз билан баҳоланди.

Танланган таълим йўналиши категориясида баҳолаш учун физика йўналиши танланган. Физика йўналишида ўқишга киришда ҳар бир ўрин учун 15,8 нафар абитуриент ариза топширганлиги, талабаларнинг 94 фоизи ўз вақтида ўқишни тугатаётганлиги ва 94,1 фоизи таълим сифатида мамнун эканлиги натижасида бу йўналишда ҳам 5 юлдуз қўлга киритилган.

Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.