“Самарқанддан гапирамиз”
1926 йилдан буён ҳар куни эрта тонг Самарқанд вилоят радиоси эшиттиришлари ана шу сўз билан бошланади.
Ижодий жамоанинг дастлабки сухандонларидан бири академик Воҳид Абдулло эди.
Воҳид Абдулло 1912 йилда Самарқанднинг эски шаҳар қисмида туғилган ва 10-ўрта мактабда ўқиган. Ўқиш баробарида шаҳарнинг олдинги Заводская - ҳозирги Зебунисобегим кўчасидаги Президент мактаби ўрнида очилган радиоэшиттиришлар тугуни орқали шаҳар ва вилоят ҳаётига оид эфирга берилаётган эшиттириш ҳамда янгиликларга қизиқиш билан қарайди. 1927-1932 йилларда ёшлар ҳаётига оид айрим хабар ва эшиттиришлар матнини ўқиб, ёш диктор сифатида танилади.
1932 йилда Воҳид Абдулло Қўқон педагогика техникуми, сўнг Бухоро педагогика институтида таҳсил олади. Кейинчалик адабиётшунос олим сифатида “Ўзбек классик адабиёти тарихи” китобини ёзади. 1942 йилда Иккинчи жаҳон урушига, фашист босқинчиларига қарши мардонавор жанг қилаётган ўзбек ўғлонларига самарқандликлар юборган кийим-кечак ва озиқ-овқатлар ортилган эшелонда оталанади. Делегация таркибида Воҳид Абдуллодан ташқари, вилоят радиоинформацион бўлимига ўша пайтда тайинланган янги раҳбар, таниқли ёзувчи Раъно Узоқова, Самарқанд тумани ёшлар ташкилотининг биринчи котиби Баҳронқул Бўронов ва бошқалар бор эди.
Урушдан кейин Воҳид Абдулло қатор йиллар Самарқанд давлат университетига ректорлик қилса-да, вилоят радиоси билан алоқани узмади.
Домла қишлоқ хўжалигида долзарб ойлик эълон қилинадими ёки бошқа бирор бир муҳим байрамлардами, шеърлар битиб халқимизни эзгу ва хайрли ишларга даъват қилар, шеърларини ўзгача иштиёқ билан ўқишга одатланганди...
Мамлакатимизда илк бор 1926 йилда дастлабки радиоэшиттиришлар Самарқанддаги ҳозирги Президент мактаби ўрнида эфирга узатилган.
Драматург ва жамоат арбоби Зиё Саид ўзининг 1927 йилда “Ўзбекистон Давлат нашриёти”да чоп этилган “Ўзбек вақтли матбуоти тарихига оид материаллар” китобида ўша пайтда “симсиз ва қоғозсиз газета”, деб эътироф этилган радио тўғрисидаги фикрлар билдиради.
Бу даврда Ўзбекистоннинг машҳур шоир ва ёзувчилари - Уйғун, Ҳамид Олимжон, Охундий, Ойдин, Ғафур Ғулом ва бошқалар самарқандлик радиожурналистлар тутган микрофонда ижодларидан намуналардан ўқийдилар...
Ўзбек академик драма театрининг таниқли актёрлари – Аброр Ҳидоятов, Нарзуллаев, Сора Эшонтўраева, Олим Хўжаев, Шукур Бурхонов радиоэшиттиршларимиз меҳмони бўлишади.
1961 йилга келиб вилоят радиоси қошида тожик тилидаги эшиттиришлар муҳарририяти ташкил этилади. Унда шоир Салим Кенжа катта муҳаррир, Борис Нектолиев ва Аслиддин Қамарзода мухбир, Муайяна Хўжаева сухандон сифатида фаолият бошлайди. Ўша пайтда қирим-татар тилидаги эшиттиришларга Шокир Селимов муҳаррирлик, Сафия Ғаффарова сухандонлик қилади.
Вилоят радиоси ўтган даврларда турли ташкилот ва қўмиталар тасарруфида бўлиб, турлича номланган. Масалан, ижодий жамоа 1939 йилдан 1950 йилгача “Вилоят радиоинформацион бўлими” мақоми берилган бўлса, 1950 йилдан 1953 йилгача “Вилоят радиоинформация қўмитаси”, 1953 йилдан 1958 йилгача Ўзбекистон ССР маданият вазирлиги радиоинформация Бош бошқармаси тасарруфидаги “Самарқанд вилоят радиоинформация бўлими”, 1958 йилдан 1962 йилгача Ўзбекистон Министрлар совети ҳузуридаги радиоэшиттириш ва телевидение қўмитаси “Самарқанд вилоят радиоэшиттириш бош муҳарририяти”, 1962 йилда эса халқ депутатлари Самарқанд вилоят ижроия қўмитаси ҳузуридаги “Радиоэшиттиришлар бўйича қўмита”, сўнгра Ўзбекистон Министрлар советининг радиоэшиттиришлар ва телевидение бўйича давлат қўмитасининг “Самарқанд вилоят радиоэшиттиришлар бўйича қўмитаси”, 1991 йилдан 2006 йилгача “Ўзбекистон давлат телерадиоқўмитаси Самарқанд вилоят қўмитаси”, 2006 йилда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси”, номлари билан юритилди.
2025 йил эса ижодий ташкилотга Ўзбекистон Миллий телерадикомпанияси “Самарқанд вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси мақоми берилди.
Ушбу йиллар мобайнида жамоада академик Воҳид Абдулло, таниқли шоира Раъно Узоқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матлаб Эрмуҳаммедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Душан Файзий, журналист Эдуард Сагалаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Муайяна Хўжаева, Ўткир Раҳмат, Гулчеҳра Жамилова, Фармон Тошев, шунингдек, Орзу Рўзиев, Аҳмаджон Нарзиқулов, Очил Тўйчиев, Мамараим Мардиев, Раҳмон Чимирзаев, Азиз Йўлдошев, Ўткир Саидов, Мамадиёр Зиёддинов, Шарбат Мухторова, Раҳим Қодир каби ўткир қалам соҳиблари ишлашди.
1989 йилда таниқли журналист, вилоят телерадиқўмитасининг раиси Миршариф Хўжаевнинг бевосита ташаббуси ва ташкилотчилиги туфайли Самарқандда биринчи марта телевидениега тамал тоши қўйилди. Тайёрланаётган кўрсатувлар Ўзбекистон Миллий телерадиоқўмитаси томонидан “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телеканалларида эфирга узатила бошланди.
1991 йилда Самарқандда илк бор очилган хусусий телеканалларда бир мунча тажриба орттирган публицист Фармон Тошев ва Зоир Тўрақуловлар вилоят телевидениеси қошидаги 28-дицеметрли тижорат канали фаолиятини жонлантириш ва эфирга берилаётган тижорат кўрсатув ва рекламаларнинг мазмун-мундаражасини бойитишга кўмакка келди.
Айни пайтда ижодий жамоа эфир узатилаётган кўрсатув ва эшиттиришларнинг географиясини янада кенгайтириш, таъсирчанлигини ошириш, уларнинг мазмун-мундаражасини бойитиш, чиқишларида бугуннинг долзарб муаммоларини акс эттиришга, жамотчилик фикрини шакллантиришга, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга интилмоқда.
Абдурасул АШУРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.