Ислом Тараққиёт банки ва ЮНИСЕФ вакиллари Самарқанд шаҳридаги таълим муассасаларида бўлди
Самарқанд шаҳридаги 67-давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 13-умумтаълим мактабига Ислом Тараққиёт банки (ITB) гуруҳи ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) вакилларидан иборат делегация келди.
Делегация таркибида Ислом Тараққиёт банки минтақавий маркази раҳбари Ҳаммад Ҳундал, банк вакиллари, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги таълим бўйича раҳбари Альберто Бианколли ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Регина Мария Кастильо бор.
Ташриф давомида делегация аъзолари таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёни, таълим сифати, болалар ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, замонавий таълим ёндашувларини амалиётга жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, 67-давлат мактабгача таълим ташкилотида SmartED лойиҳаси доирасида жорий этилаётган янги мактабгача таълим ўқув дастури, жумладан, «Илк қадам» давлат ўқув дастури асосида амалга оширилаётган замонавий ва инклюзив таълим ёндашувлари меҳмонларга тақдим этилди.
Айни пайтда мазкур мактабгача таълим ташкилотида 360 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 3 нафари алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар бўлиб, улар инклюзив гуруҳларда тарбияланмоқда.

Шунингдек, 13-умумтаълим мактабида ЮНИСЕФнинг «Ишонч» лойиҳаси доирасида инклюзив таълимни ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар, махсус жиҳозланган синф хоналари намойиш этилди. Делегация аъзолари инклюзив синфлардаги дарс жараёнларини кузатиб, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган ўқувчилар учун яратилган имкониятлар билан танишдилар.
Ҳозирда мазкур мактабда 1093 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 26 нафари алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар бўлиб, уларнинг сифатли таълим олиши ва жамиятга мослашувини таъминлашга қаратилган инклюзив муҳит яратилган.
Ташрифлар давомида таълим муассасаларида болалар ва ўқувчилар учун муносиб ва замонавий таълим муҳитини яратиш, инклюзив таълимни янада ривожлантириш, илғор таълим ёндашувларини амалиётга кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.