СамДУда Япониянинг Тоттори университети ваколатхонаси очилди

Ўтган йили Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Япониянинг Тоттори университети президенти, профессор Ҳиромсу Накажима билан  узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Шунга кўра, Самарқанд давлат университетида Тоттори университети ваколатхонаси тантанали очилди.

Ушбу ваколатхонанинг асосий вазифаси Тоттори университети олимлари томонидан қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган янги инновацион ишланмалар ва билимларни Ўзбекистонга трансфер қилиш, синовдан ўтказиш ҳамда амалиётга кенг жорий қилишга қаратилган.    

Тоттори университетининг СамДУдаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг 50 фоиздан ортиқ қисмини эгаллаган қурғоқчил минтақалардан самарали фойдаланиш, ушбу ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва шу орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган ишланмаларни жорий қилади.    

Ушбу ваколатхона олдига қўйилган мақсад-вазифаларни амалга оширишда Тоттори университети таркибидаги Қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш халқаро маркази ва унинг етакчи олимлари бевосита иштирок этади.    

Таъкидлаш лозимки, мазкур халқаро марказ қурғоқчил минтақалардан илмий асосланган ҳолда самарали фойдаланиш, хусусан, шўрланган ва сув тақчил ҳудудларда деҳқончиликни ривожлантириш бўйича дунё даражасида эътироф этилган Япониядаги ягона марказ ҳисобланади.    

Шунингдек, мазкур ваколатхона нафақат аграр йўналишда, балки муҳандислик, ахборот технологиялари соҳаларида ҳам ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу борадаги янги билимларни мамлакатимизга трансфер қилишни режалаштирмоқда.    

Мулоқот давомида сув тежовчи замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, чанг-тўзонларни олдини олиш, молекуляр генетика ютуқлари асосида қурғоқчилик ва шўрга чидамли янги навларни яратиш бўйича тадқиқотларни олиб боришга ҳам келишиб олинди. 

Аграр, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология соҳаларида магистратура ҳамда докторантура босқичлари бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштирилди. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви йўлга қўйиладиган бўлди. 

Ваколатхона раҳбари сифатида профессор Кристина Тодерич тайинланди. 

Маълумот учун: Тоттори университети ҳамкорлигида Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида замонавий иссиқхона қурилган.

 

Шавкат Акрамов.