Республикамиздаги мактаб-интернат битирувчилари асосий фан олимпиадасида беллашмоқда

Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида асосий фан олимпиадасининг республика босқичи бошланди.
Унда республикадаги кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидан олимпиаданинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритган 145 нафар 11-синф ўқувчилари математика, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти ҳамда тарих фанларидан беллашмоқда.
25-26 март кунлари математика, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти фанларидан икки турда ёзма иш ва тест синовлари ўтказилади. Тарих фанидан эса бир турда фақат тест синови ўтказилади.
- Ўтган йил август ойидан республикадаги барча ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилди, - дейди агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сардор Луқмонов. - Ва илк марта республикадаги "Нурли маскан" мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида асосий фан олимпиадасининг республика босқичи ўтказилмоқда. Олимпиаданинг очиқ, адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида аудиторияларда ва ҳакамлар ҳайъати учун ажратилган хоналарда видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Жараённи ота-оналар ҳам тўғридан-тўғри кузатиб бормоқда.
Асосий фан олимпиадасининг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи электрон сертификатлар берилади.
Шу билан бирга, 1-ўринни эгаллаган иштирокчи 4 500 000 сўм, 2-ўрин учун 3 000 000 сўм, 3-ўрин 2 250 000 сўм пул мукофоти билан тақдирланади.