Икки йиллик таҳсилдан сўнг техникум битирувчилари ОТМга суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин
Маълумки, сўнгги икки йилда иқтисодиётдаги юксалиш одимлари, инвестицион лойиҳалар кўлами, технологик жиҳатдан янги иш ўринларининг яратилиши касб-ҳунар таълими соҳасини тубдан ислоҳ қилиш заруратини туғдирди.
Давлатимиз раҳбари томонидан янги профессионал таълим тизимининг стратегияси, асосий устувор вазифалари белгилаб берилди.
Тизимнинг янги стратегияси моҳияти шуки, профессионал таълим муассасаларида таҳсил оладиган ҳар бир ёш, ҳар бир шахс ҳаётда ўз ўрнини топиши, аввало, ўзи даромад қилиши, шу орқали мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотига улуш қўша билиши, иқтисодий юксалишга хизмат қилиши, ўз меҳнати билан ҳаёти фаровонлигини таъминлаб, пировард натижада жамият ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши лозим.
Шу устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда шаклан ва мазмунан мутлақо янги, узлуксиз профессионал таълим тизими барпо этилиши, мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, 3 та тоифадаги таълим муассасалари фаолият кўрсатиши белгиланди.
Шундай қилиб, 2020-2021 ўқув йилида профессионал таълим тизимида Республика бўйича жами 726 та таълим муассасалари, яъни, 339 та касб-ҳунар мактаблари, 211 та коллежлар ва 176 та техникумлар фаолият кўрсатади.
Ушбу 3 тоифадаги профессионал таълим муассасаларида халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган таълим дастурлари асосида оилавий бизнес, томорқа бизнеси, қурилиш, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик каби иқтисодиётимизда муҳим ўрин эгаллаган 200 дан ортиқ ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрланади.
1-тоифа – КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИДА таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 3-даражасига мос келувчи икки йиллик таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчилари бошланғич профессионал таълим олади.
Камбағалликка қарши кураш доирасида энг аввало, кам таъминланган оилалар фарзандларида тадбиркорликка, бизнесга, пировард натижада даромад олишга йўналтирувчи билим, малака ва кўникмалар шакллантирилади.
2-тоифа – КОЛЛЕЖЛАРДА таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келувчи, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, икки йилгача бўлган муддатлар ўқитишга мўлжалланган таълим дастурлари асосида аниқ иш ўринларига йўналтирилган ўрта бўғин мутахассислари тайёрланади.
Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида фаолият кўрсатадиган ва шу соҳадаги инвестиция лойиҳалари ҳисобига ташкил этилаётган аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрлайдиган ушбу коллежларга мактабларнинг 11-синф битирувчилари қабул қилинади.
Коллежларда Германия тажрибасида яхши самара берган «дуал» таълим принциплари жорий этилади: ўқувчилар ҳафтанинг 3 кунида коллежда назарий билим олади, уч кунида корхонанинг ўзида бириктирилган уста, мастер раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўтайди.
3-тоифа – ТЕХНИКУМЛАРДА таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида камида икки йил муддатга мўлжалланган таълим дастурлари асосида 11-синфни тугатган ёшлар ўқитилади.
Икки йиллик таҳсилдан сўнг битирувчилар суҳбат асосида олий таълим муассасасига ўқиган касби бўйича ўқишга қабул қилиниши мумкин.
Бу тизим олий маълумот олиш ниятида бўлган кўп сонли мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш учун хизмат қилади.
Профессионал таълимнинг янги, узлуксиз формати малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш баробарида жамиятимиз учун энг муҳим ҳисобланган инсон ресурсларини ривожлантириш учун ҳам хизмат қилади.
Шу маънода Ўзбекистонда янги профессионал таълим тизими мамлакат иқтисодиётининг ҳар бир соҳасига, жамиятнинг ҳар бир бўғинига, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаётига дахлдор йирик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий воқеадир.
Профессионал таълим тизими ўқитиш шакли, принципларига кўра, дунёдаги энг тараққий этган давлатларнинг муваффақият қозонган таълим дастурлари асосида ташкил этилмоқда.
Профессионал таълимда халқаро тажриба асосида таълим сифатини таъминлаш, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини, шахсий компетенцияларни шакллантириш, амалиётга алоҳида урғу бериш, даромад олишга йўналтириш – устувор ўрин тутади.
Бунинг учун янги стандартлар, янги ўқитиш методологияси, янги дарслик ва адабиётлар, замонавий инновацион таълим технологиялари ва баҳолаш тизими жорий этилади.
Ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилинади
Давлат комиссияси мажлисининг 2020 йилдаги 1-сон баёнига мувофиқ 2020 йил 5 июлдан 20 июлга қадар касб-ҳунар мактабларига касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари онлайн қабул қилинади.
2020/2021 ўқув йили учун касб-ҳунар мактабларига 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари онлайн тарзда kasb.edu.uz электрон платформаси орқали амалга оширилади.
Ўқувчилар ушбу платформа орқали 200 дан ортиқ касбларни танлаш имкониятига эга.
Қандай ҳужжатлар керак бўлади?
9-синф битирувчилари қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:
1. Электрон ариза
2. Умумтаълим мактабининг 9-синфни тугатганлигини тасдиқловчи шаҳодатнома (электрон) нусхаси.
3. 3x4 ҳажмидаги фотосурат.
Қайси соҳаларда мутахассислар тайёрланади?
Бугунги кунда Ўзбекистогн иқтисодиёти энг муҳим барча соҳаларда ўрта бўғин мутахассислари тайёрланади. Жумладан:
1. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик (янги технологиялар асосида);
2. Иссиқхона (гидропоника) ва парник хўжалиги;
3. Ишлаб чиқариш;
4. Қурилиш;
5. Туризм ва хизмат кўрсатиш.
Касб-ҳунар мактабларида 2 йил давомида умумтаълим ва мутахассислик фанлари интеграциялашган таълим дастурлари асосида ўқитилади. Ўқувчида ўзи танлаган касб бўйича зарур билим, кўникма, малака ва компетенциялар шакллантирилади.
P.S: Фуқаролар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида профессионал таълим муассасаларига қабул жараёнлари бўйича ташкил этилган “Call марказ”га қўнғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишлари мумкин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.