Ҳоким муаммони ҳал этиш учун мактаб-интернатига борди
Кеча ўзимнинг телеграм саҳифамда Оқдарё туманидаги 63-сонли мактаб-интернатдаги аянчли ҳолат ҳақида танқидий материал жойлаштиргандим.
Мана, уни ёзганимнинг эртаси куниёқ мактабдаги ҳолатни ўрганиш учун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов шахсан шу мактабга ташриф буюрибди ва ҳақиқий ҳолат билан эринмай танишибди.
Ҳолат бўйича айбдорлар жазоланган.
Тарбияланувчилар шароитлари ва хавфсизлиги шахсан вилоят ҳокими назоратига ўтган.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари М.Мирзаевнинг айтишича, муассасада бўлган вилоят ҳокими бу ердаги ҳолат бўйича қатор эътирозларини билдирган. Соҳанинг вилоят мутасаддиларига муассасада таълим олаётганларга яшаши ва ўқиши учун зарур шарт-шароит яратиш борасида қатор топшириқларни берган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳолат бўйича эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тез фурсатда ҳуқуқий баҳо беришларини билдирган. Муассаса директори, хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ва бошқа бир қатор ходимларнингфаолиятига ҳам якуний баҳо берилиши белгиланган.
Очиғи, бундай тезкорлик ва ғамхўрлик учун Самарқанд вилояти раҳбариятига қандай миннатдорлик билдиришни билмай қоласан, киши. Қанийди, бошқа раҳбарлар, туман-шаҳар ҳокимлари ҳам масалага нисбатан ана шундай ёндашса. Чунки муаммо ортида инсонлар тақдири ётади.
Отабек Артиқов.