Омбудсман Самарқанддаги 63-сонли мактаб-интернатда ўрганиш ўтказди
24 май куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти 63-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчиларининг юз қисми кўкарган, шикастланган ва йиртиқ-ямоқ кийимларда юрган ва кир ювишга мажбур қилинаётганлиги ҳолатлари акс этган расмлар кенг тарқалиб жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур хабар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан назоратга олиниб, Самарқанд вилояти ҳокимига ҳолатни ўрганиш ва тўпланган маълумотларни тақдим этиш бўйича сўров юборилган.
Ҳолат жорий йилнинг 25 май куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Н.Раббимова, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, туман ҳокими Н.Сулаймонов, туман прокурори Д.Кубаев, туман ИИБ бошлиғи Б.Ибрагимов, вилоят халк таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, бошқарманинг масъул ходимлари томонидан ўрганилди.
Минтақавий вакилнинг аниқлашича, Оқдарё туманидаги ушбу муассасада тарбияланаётган суратдаги 2 нафар бола отаси томонидан уйига қайтариб олиб кетилган, кўзи кўкарган бола эса 11 март куни тенгдоши билан уришганлиги ва ўшанда кўзи кўкарганини айтган. Бу ҳолат боланинг тиббий анкетасида ҳам қайд этилган.
Шунингдек, тоғорада кир юваётган 4-синф ўқувчисининг онаси билан суҳбат қурилганида бу каби ҳолатлар 4 йил давомида умуман кузатилмаганлиги ва ушбу расмни кўриб тушунишмаганлигини билдирган... Албатта, бу ҳолат ўрганилиб, унга ойдинлик киритилгач, бола ҳуқуқларини таъминлашда, уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш масалаларида йўл қўйилган камчиликлар аниқланса, уларга тегишли чоралар кўрилади.
Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Н.Раббимованинг сўзларига кўра, муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда. Ходимлар ўртасида ўзбошимчалик, раҳбарларга бўйсунмаслик, лавозим вазифаларини бажармаслик, ўз ишига эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Мазкур масала Самарқанд вилояти ҳокими назоратига олиниб, муассасадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қатъий вазифа ва топшириқлар берилган.