Омбудсман вакили Самарқанд шаҳридаги 38-манзил колониядаги маҳкумларнинг яшаш шароити билан танишди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, вилоят соғлиқни сақлаш ва пенсия жамғармаси вилоят бошқармалари вакиллари билан ҳамкорликда ушбу манзил колониясида бўлиб, бу ерда сақланаётган маҳкумларнинг меҳнат қилиш, яшаш ва тиббиётдан фойдаланиш шароитларини ўрганди.
Дастлаб маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувларга келган оила аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Маҳкумларнинг оила аъзолари ва фарзандлари билан учрашуви учун хоналар ва ундаги шароитлар кўздан кечирилди. Шунингдек, тиббий бўлимлари, ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган хоналар, ювиниш хоналари кўздан кечирилди.
Маҳкумлар учун манзил колонияда ишлаш учун яратилган ишлаб чиқариш объектлари, уларнинг ишлаш шароити, ойлик маошлари ўрганиб чиқилди.
Бундан ташқари, манзи колониядаги ногиронлиги бор фуқаролар учун фойдаланиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлтиқтаёқ, ҳасса, ногиронлик аравачалари берилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 16 нафар махсус шифокорлар гуруҳи “Мобил автобус”да жойлашган хар хил турдаги ускуналари ҳамда УТТ аппаратлари ёрдамида 280 нафар маҳкумга тиббий хизмат кўрсатди. Тиббий кўрик жараёнида 3 нафар маҳкумнинг операцияга эхтиёжи борлиги аниқланиб, уларнинг рўйхати шакллантирилди. 3 нафарига дори-дармон етказиб бериш чоралари кўрилди.
Шундан сўнг сайёр қабул ўтказилди. Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакилига 18 нафар махкум турли масалаларда мурожаат қилди. Улардан 2 нафари суд ажрими тўлиқ бажарилмаётганидан норозилигини билдирди.
- Улар – Ж.Атаниязов ва Ш.Юсупов шу йилнинг 4 октябрь ойида суд ажримига асосан қамоққа олинган, - дейди Д.Ҳусанов. - Иккала маҳкумнинг ҳукмида ҳам жазо ўташ жараёнида Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан жазони ўташ жараёнида гиёҳвандликдан мажбурий равишда даволаниш белгиланган. Шундай бўлса-да, бугунги кунгача улар даволаниш учун тиббиёт марказига жўнатилмаган. Мурожаатдан кейин шу куннинг ўзида уларни даволанишлари учун Республика ихтисослаштирилган наркология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтақавий филиалига даволаниш учун ўтказилди.