Тадбиркорлик ташаббуслари ва вилоят иқтисодиётига қўшилган ҳисса
Кейинги йилларда Тадбиркорларнинг Жамоатчилик Маслаҳат Кенгаши аъзолари томонидан амалга оширилган йирик лойиҳалар ўзининг амалий самарасини кўрсатмоқда.
“Сиёбча канали реконструкцияси” — тарихий лойиҳа
Кенгаш аъзоларининг 2022 йил 17 декабрда ўтказилган йиғилишида Самарқанд шаҳридаги Сиёбча канали қирғоқларини ободонлаштириш ва замонавий инфратузилма билан таъминлаш бўйича муҳим ташаббус илгари сурилди.
Ташаббус асосида каналнинг қарийб 18 километрлик қирғоқ қисмини ноқонуний қурилишлардан тозалаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, пиёдалар ҳамда велосипед ҳайдовчилари учун замонавий бетон йўлаклар барпо этишни кўзда тутган улкан лойиҳа амалга оширилди.
Мазкур эзгу ташаббусни амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, “Sharq sanoat”, “SAG group”, “SXF group”, “Agromir group”, “Asia Metall Prof”, “Nurli kelajak stroy invest”, “Me’mor O‘tkir chovka”, “Gulobod mebel”, “Stekloplastik”, “Afrosiyob Parranda”, “Euro Asia Metall” каби корхоналар Сиёбча канали қирғоқларини реконструкция қилиш ишларига ўз ҳиссасини қўшди.
Бундан ташқари, яна 15 та корхона янги барпо этилган йўлакларга зеб бериш, ҳудудни ободонлаштириш ва замонавий ёритгичлар ўрнатиш ишларида фаол иштирок этди.
Энг муҳими, ушбу лойиҳа тадбиркорлар, жамоатчилик ва давлат идораларининг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилиб, шаҳар қиёфасини сезиларли даражада ўзгартирди. Бугун Сиёбча канали бўйлари аҳоли учун янада қулай, обод ва замонавий масканга айланиб, мазкур ташаббус халқ орасида тарихий лойиҳа сифатида эътироф этилмоқда.
Тадбиркорлар нуфузини ошириш — “Uz Made” дастури
Кенгашнинг яна бир муҳим йўналиши — вилоят тадбиркорларининг фаолиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг нуфузини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда оммалаштиришдан иборат.
Шу мақсадда “Uz Made” дастури доирасида профессионал медиа жамоалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Дастур орқали импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорларнинг фаолияти ҳақида юқори сифатли видеолавҳалар ва фильмлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилмоқда.
Ушбу материалларда маҳсулотнинг хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқариш жараёни, корхоналарнинг имкониятлари, замонавий технологиялардан фойдаланиш тажрибаси ҳамда маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги сотув жараёнлари ҳақида кенг маълумот берилади.
Дастур доирасида, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган илғор тадбиркорлар ва “Самарқандда ишлаб чиқарилган” — “Made in Samarkand” бренди остида тайёрланаётган маҳсулотлар ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот етказиб келинмоқда.
Бугунга қадар “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси раҳбари Мажидхон Исломов, “Fox pipes innovations” МЧЖ раҳбари Аъзам Акрамов, “Stekloplastik” МЧЖ асосчиси Ўктам Саидмуродов, “Samarkand golden chickpeas” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Бекназаров, “Sam Rafoat textile” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Ҳамдамов каби тадбиркорлар ва улар раҳбарлик қилаётган корхоналарнинг муваффақиятли фаолияти ҳақида видеоматериаллар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларда намойиш этилди. Бу эса тадбиркорларнинг тажрибасини оммалаштириш, уларнинг ижобий имижини шакллантириш ва бошқа ишбилармонларни ҳам янги ташаббусларга руҳлантиришга хизмат қилмоқда.

“Made in Samarkand” — вилоят маҳсулотларининг ягона бренди
Вилоятда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг маҳсулотларини кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим лойиҳалардан яна бири — “Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар — Made in Samarkand” каталогини яратиш ташаббусидир.
Кенгаш тавсияси асосида “Ишбилармонларнинг “YANGI SAMARQAND” ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи жамоат фонди” томонидан молиялаштирилган мазкур босма каталог 2024 йилда тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан тайёрланди.
Каталог Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқарувчи корхоналарни маҳаллий ҳамда хорижий харидорларга профессионал тарзда тақдим этишнинг муҳим воситасига айланди.
Умуман, “Made in Samarkand” каталоги оддий маҳсулотлар рўйхати эмас, балки вилоятнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва тадбиркорлик имкониятларини ифода этувчи нуфузли тақдимот воситасига айланди.
Айни пайтда каталогнинг янгиланган ва кенгайтирилган версиясини тайёрлаш ишлари давом этмоқда.
Замонавий телестудия — тадбиркорлар учун янги медиа майдон
Тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш ва ишбилармонларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Вилоят телестудиясини замонавий жиҳозлаш ва тадбиркорликка бағишланган телекўрсатувлар тайёрлаш” лойиҳаси ҳам амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида вилоят телерадиокомпанияси студияси қиймати 293,5 миллион сўмлик замонавий LED экранлар ва ёритиш воситалари билан жиҳозланди. Натижада студия P2.5 моделли, майдони 54,06 квадрат метр, ўлчами 15,36 х 3,65 метр бўлган замонавий LED экран ҳамда икки хил рангдаги 17 та ёритгич билан таъминланди.
Янги имкониятлар асосида ижодий жамоа томонидан тадбиркорлик мавзусидаги махсус телекўрсатувлар ва рукнлар ташкил этилди. Жумладан, “Молиявий барқарорлик”, “Бизнес стратегия”, “Тадбиркор — юртга мададкор”, “Лойиҳадан натижага” каби рукнларда тадбиркорларнинг фаолияти, улар дуч келаётган муаммолар, амалга ошираётган лойиҳалари ва эришган натижалари кенг ёритиб борилди.
Бу ташаббус тадбиркорлар учун ўз тажрибаси ва ютуқларини оммага етказиш имконини берувчи замонавий ахборот майдонини шакллантиришга хизмат қилди.

Кўргазмалар — маҳаллий маҳсулотлар учун янги имконият
Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, маҳаллий маҳсулотларни тарғиб қилиш ва тадбиркорларга янги бозорларга чиқиш имконини яратишда кўргазмаларнинг аҳамияти катта.
Давлат-хусусий шериклик асосида 2022 йил бошида “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказда ҳар йили ўртача саккизта турли йўналишдаги кўргазма ташкил этиб келинмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, таълим ва электрон савдо, маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотларига бағишланган кўргазмалар тадбиркорлар ва соҳа вакиллари учун муҳим анъанавий мулоқот майдонига айланди.
Бундай тадбирлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш, харидорлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш ва истиқболли бизнес алоқаларини йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Ташаббусдан — натижага
Вилоят Тадбиркорларнинг Жамоатчилик Маслаҳат Кенгаши томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти бир мақсад — тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга бориб тақалади.
Сиёбча канали реконструкцияси каби йирик ижтимоий лойиҳалар жамоатчилик манфаатлари йўлида тадбиркорларнинг бирлашиши мумкинлигини кўрсатган бўлса, “Uz Made”, “Made in Samarkand” каталоги, замонавий телестудия ва кўргазма майдонлари каби ташаббуслар маҳаллий бизнесни тарғиб қилиш ва уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бу лойиҳалар замирида тадбиркорликнинг фақат иқтисодий фаолият эмас, балки жамият ва ҳудуд тараққиётига дахлдор катта куч эканини англаш ғояси мужассам.
Нозир Ибрагимов,
иқтисод фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)