Тадбиркор бўлиш учун энг зарур нарса нима?
Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида республикамиздаги маҳоратли тадбиркорлар ва ёшлар иштирокида “Бизнес марафон” мотивацион тренингининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси, MFaktor лойиҳаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган марафонда юртимизнинг етакчи тадбиркор-спикерлари ҳамда АҚШдан келган спикерлар иштирок этди.
Марафонда дастлаб ҳар бир спикер қисқа чиқиш қилиб, ёшлардаги интилиш, ғоялар ва уларнинг амалга ошириш бўйича тушунча берди. Сўнгра савол-жавоблар орқали иштирокчиларнинг тадбиркорлик, IT соҳаларига бўлган қизиқишларига жавоблар берилди.
- Инсон умри давомида ўз олдига бажариши лозим бўлган режаларини тузиб чиқиши ва шу мақсад сари интилиши, ҳаракат қилиш лозим, - дейди MFaktor лойиҳаси асосчиси Ҳусан Мамасаидов. – Битта яхши ғоя инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Сизда ҳозир бунинг учун катта имкониятлар бор. Ёшларда энергия, таълим олиш, асосийси, тил ўрганишга имконият кўп. Аввало, инглиз тилини билиш муваффақиятнинг ярми демакдир. Уринишдан чарчамаслик, хатолардан қўрқмаслик керак. Шунда кўзлаган мақсадга эришиш осон бўлади.
Тадбир иштирокчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этиши ва уларнинг катта қисми инглиз тилида бемалол гапириши, фикрини баён эта олиши хориждан келган спикерларда катта таассурот қолдирди.
- Биз АҚШда дунёнинг турли давлатларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларига ўз соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорларга лойиҳаларини тўғри баҳолаш, ғояларини амалга оширишга кўмаклашамиз, - дейди америкалик спикер Бриана Весенгер. – Ўзбекистондан ҳам кўплаб тадбиркорлар лойиҳамизда қатнашишган ва яна уларни таклиф этамиз. Хориждан Ўзбекистонни бой бўлмаган давлатлар қаторига қўшишади, лекин мен ундай фикрда эмасман. Чунки бойлик маблағда эмас, аслида инсон капиталида. Сизларда аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Улар мақсад сари тўғри йўналтирилса, иқтисодий юксалишга эришиш мумкин. Асосийси, ёшларингиз изланувчан ва интилиши бор экан. АҚШда одамлар ғояларини бошқага айтишга қўрқишади. Чунки ғояни бошқалар ўзлаштириб, ўзлари амалга ошириши мумкин. Лекин ғоянгизни ким биландир ўртоқлашмасангиз унинг камчилигини билолмайсиз. Шунинг учун ишончли дўст ёкт оила аъзолари билан фикрлашган маъқул. Шу боис, АҚШда кўпчилик энди иш бошлаётган тадбиркорлар шерикликда тадбиркорликни очишади. Бунга Microsoft ёки Appleни мисол келтиришимиз мумкин.
Тадбирда бизнесни бошлашдаги дастлабки қадамлар, тадбиркорликни бошлашда нималарга эътибор қаратиш кераклиги каби саволларга спикерлар томонидан мисоллар билан жавоблар қайтарилди.
Ўктам Худойбердиев.