Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Омбудсманнинг ҳудудий вакили қандай масалаларни ҳал қилади?

- Омбудсманга муаммом масаласида мурожаат қилмоқчи эдим. Унинг минтақавий вакиллари ҳам бор дейишди. Вакилларнинг ҳудудлардаги асосий вазифалари нималардан иборат? Шуни билмоқчи эдим.

Д.Жўраева,
Иштихон тумани.

Саволга Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов жавоб берди.

- Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларини асосий 5 та йўналишдаги вазифалари алоҳида белгилаб берилган.

Ушбу вазифаларга:

- ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;
- фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш;
- ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, мурожаатни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш;
- ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш киради.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳрида 7-сонли тергов ҳибсхонаси ва 2 та ҳудудда манзил колониялари мавжуд бўлиб, ушбу колонияларда Омбудсман қутилари ташкил этилган. Ушбу қутиларга махбуслар томонидан исталган вақтда мурожаатлар ташланиши мумкин. Бу ерда ҳар ой камида бир маротаба мониторинглар ўтказилади ҳамда ушбу Омбудсман қутиларидаги мурожаатлар ўрганилиб, маҳбусларга қонунда белгиланган тартибда ёрдамлар берилади.