Дунёдаги машҳур бинолар ҳақида қизиқарли маълумотлар
Сайёрадаги таниқли бинолар ҳақида кўплаб қизиқарли тафсилотлар бор. Қайси бино ўзини “таъмирлай олиши” мумкинлиги ёки қайсиси филлар ёрдамида қурилганлиги ҳақида эшитганмидингиз?
Эйфель минораси яратувчиси унинг тепасида яшаган
Сена дарёси бўйлаб сузиб юрувчи қайиқлар ва дарахтлар билан ўралган Эйфель минораси яратувчиси Густав Эйфель миноранинг энг юқори қаватида ўзи учун шахсий квартира яратганини кам одам билса керак.
Танҳо квартирада қулайгина курси, ёғоч шкафлар ва ҳатто рояль ҳам бор эди. Парижликларнинг сахий таклифларига қарамай, Эйфель уни ижарага беришдан қатъиян бош тортган экан. 1923 йилда унинг вафотидан кейин макон жамоатчилик учун ёпиқ бўлиб қолди. Деярли бир аср ўтгач, фақат 2015 йилга келиб, квартира мини-музейга айлантирилди.
Тож Маҳал қурилишида мингдан ортиқ фил иштирок этган

Шоҳ Жаҳон буйруғи билан унинг марҳум рафиқаси Мумтоз Маҳалга бағишлаб қурилган ёдгорлик кечки осмон фонида ўзининг ажойиб гўзаллигини намоён қилади. Улкан гумбаз ва тўртта кўркам минора - буларнинг барчаси азалдан меъморчилик мукаммаллигининг рамзи бўлиб келади.
20 мингдан ортиқ ҳунарманд, косиблар ва ишчилар саъй-ҳаракатини талаб қилган ушбу ҳинд дурдонасининг қурилиши 22 йил давом этган. Ҳайратланарлиси, қурилишда Ўрта Осиё, Яқин Шарқ ва Ҳиндистоннинг турли бурчакларидан келтирилган оғир қурилиш материалларни олиб ўтишда мингдан ортиқ филлар иштирок этган.
Бугунги кунда бу меъморий рамз ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф этилади.
Колизей шикастланган жойини ўзи тузата олиши мумкин

Кўп асрлар давомида Колизейни ўрганиб келаётган олимлар 2017 йилда ушбу меъморий мўъжиза ичида яширинган ажойиб сир - тоза шағал, сўндирилган оҳак (бир неча ой давомида сувда намланган оҳак) ва сўндирилмаган оҳак (ўчоқдан янги чиққан оҳак) ўзини мустаҳкамлаши мумкин бўлган бетон турини ҳосил қила олишини кашф қилишди.
Сўндирилмаган оҳак бетоннинг қаттиқлашишини тезлаштиради ва аралаштириш жараёнида қоришмага қўшилса, уни янада мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, атроф-муҳитдаги углерод таъсирида бетоннинг тешиклари ёпилади. Шу сабабли, қурилишдан сўнг асрлар ўтган бўлса-да, Колизей “танасида” ҳосил бўлган ёриқларни бир неча кун ичида ўзи таъмирлаб қўяр экан.
Пиза минораси ҳеч қачон эгилмаслиги керак эди

Қурилиши 1173 йилда бошланган минора беш йил ичида эгила бошлаган. Бунинг сабаби заиф пойдевор ва беқарор тупроқ эди.
Асрлар давомида муҳандислар миноранинг барқарор туришини таъминлаш ва эгилишни тўхтатишга ҳаракат қилиб келади. Баъзи уринишлар муаммони янада кучайтирди ва минора қулаши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотирларни уйғотди.
Эгилиш хавфли даражага етган 2001 йилда иншоотни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли муҳандислик операцияси амалга оширилди. Эндиликда Пиза минораси камида яна 200 йил туришига мутахассисларнинг ишончи комил.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.