Сиёсий шарҳ ва... янгиланган поликлиника
Ургутда янги қурилган поликлиникадан мақола тайёрлаш учун йўлга чиқдим. Йўл давомида қўлимиздаги доимий ҳамроҳимизга айланган, замонавий қулайлик бўлган телефон орқали янгиликлар билан бир қур танишиб чиқдим, ижтимоий тармоқларни кузатдим.


Таниқли сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимовнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида айнан мен бораётган манзил ҳақидаги фикрларни ўқиб, қизиқишим икки ҳисса ортди. Сиёсий шарҳловчи оддий поликлиника мисолида мамлакат ривожланиши ҳақида қуйидагича фикрларни билдирган эди:
“Ўзбекистон – нафақат Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик жамият, балки пост-совет ва туркий дунёдаги энг йирик иккинчи мамлакатга айланиб бўлдик. Мамлакатнинг йириклиги – унинг сарҳади, тоғу тошлари ва ерларининг квадрат километри билан ўлчанмайди, балки унда яшаётган инсонлар сони ва салмоғи билан ўлчанади.
Собиқ иттифоқ қулаган даврда 20 миллион атрофида эдик, бугун 40 миллион остонасидамиз. Бугун – катта миллатмиз, улкан халқмиз. Ўзбекистоннинг демографик ўсиб бориши – бу катта фазилат, катта ижобий ҳолат, қудрат параметрларидан бири. Хайрлиси шуки, Ўзбекистоннинг демографик ўсиб бориши билан бирга, иқтисодий ўсиши, инфраструктуравий ўсиши ҳам параллель кетмоқда.
Баҳриндаги поликлиника ҳудди катта шаҳарлар поликлиникаси даражасига етказилибди. Худди шундай шароитдаги поликлиникалар Ўзбекистоннинг барча олис қишлоқларида ҳам қурилиши – вақт масаласи.

Мактаблар, боғчалар, поликлиникалар, университетлар, мустаҳкам ва кенг йўллар ва ҳоказолар – миллатнинг ривожи учун энг зарур инфраструктуралар ҳисобланади. Ўзбекистон 2016 йилга қадар ўзини “хавфсизлик ва барқарорлик”ка бағишлаган давлат эди. Ҳақиқатда, 2016 йилга қадар Ўзбекистонда мутлақ хавфсизлик ва барқарорлик ўрнатилди. Ҳамма томон тинч ва осойишта эди. Бугун Ўзбекистон ривожланиш йўлини танлади, динамик ривожланиш йўли...”.

ЭКГ хонасини орзу ҳам қилолмасдик
Ҳақиқатан ҳам Баҳрин маҳалласида янги қурилган поликлиника кўринишидан бир қаватли, оддий бино бўлса-да, қулай, замонавий дизайнерлар томонидан пухта ўйланган лойиҳа асосида қурилгани кўриниб турибди. Бинодаги ҳар бир деталь бежиз қўлланилмаганини сезасиз. Гўё Ургут марказидан 30 километр узоқликдаги қишлоқдаги поликлиника эмас, пойтахтнинг қоқ марказидаги тиббий муассасага келиб қолганга ўхшайсиз. Дарвоқе, ушбу бинога боргунча бўлган йўл ҳам эътиборимизни тортди. Унда автомашиналар билан бир қаторда пиёдалар учун ҳам чиройли йўлак, имконияти чекланган инсонлар юриши учун плиткалар ётқизилган. Атроф ободлиги, гулу дарахтларнинг бир текис тартиб билан экилгани атрофга ўзгача файз бериб турибди.

- 5 та маҳаллада яшовчи жами 13 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатамиз, - дейди Ургут туман 21-оилавий поликлиника мудири Сардор Луқмонов. – Кўриб турганингиздай, шароитлар бутунлай ўзгарди, илгариги муҳит кутилганидан ҳам кўра замонавий шароитга айланди. Нафақат кўриниш, балки таркибда ҳам янгиликлар бўлди. Хусусан, энди поликлиникада умумамалиёт шифокори, педиатр, гинеколог, рентгенолог, УТТ шифокори каби мутахассислар фаолият кўрсатади. Физиотерапия хонаси бугунги энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган.
Поликлиникадан туман марказигача 30 километр олисда, биз хизмат кўрсатаётган қишлоқ аҳолиси учун эса 60 километр узоқликда бўлган тиббиёт муассасамизда ЭКГ хонаси бўлишини ҳатто орзу ҳам қилмасдик. Ҳозир мазкур хонада аҳоли юрагини назоратдан ўтказиб кетяпти.
Лаборатория хонасида 30 хилгача бўлган таҳлиллар олинади. Яхши биласиз, илгари қишлоқ ҳудудидаги поликлиниканинг лаборатория таҳлилларини бирорта туман, вилоят даражасидаги шифохоналар тан олмасди, бошқатдан топширишга тўғри келарди. Эндиликда ушбу лаборатория таҳлиллари республика миқёсидаги шифохоналар томонидан инобатга олинади.
- Илгари дори-дармон қўйишга ҳам жойимиз йўқ эди, - дейди поликлиника бош ҳамшираси Раъно Пўлатова. – Мана, кўриб турганингиздай, дори воситалари учун замонавий жиҳозлар бор, дори таъминоти эса 80 фоизга етказилди. Аҳоли аёллар ва эркаклар учун алоҳида бўлган 10 ўринли кундузги стационар хизматидан бепул фойдаланмоқда. 69 турдаги дори воситалари аҳолига бепул берилмоқда.
Марказдан 60 километр узоқликда
Поликлиника билан деярли бир бинода ёндош қурилган мўъжаз туғруқ бўлимида ҳатто операция хоналари ҳам мавжуд. Бу ерда йилнинг ҳозирги даврига қадар 246 та туғруқ қабул қилинган.
- 25 ўриндан иборат туғруқ бўлимида уч нафар шифокор, олти нафар доя фаолият юритади, - дейди Ургут туманлараро перинатал маркази филиали мудири Обиджон Хўжматов. – 16 та маҳалла, қарийб 77 минг аҳолига хизмат кўрсатамиз, яъни ушбу бўлимга туман марказидан 45-60 километр узоқликдаги қишлоқ аёллари мурожаат этади. Бундай имконият оналарнинг ўз вақтида туғруқ бўлимларига келишларини таъминлайди. Тўғриси, илгариги шароит ҳақида гапиришдан уяламиз. Бундай замонавий бино, чақалоқлар учун кувизлар, кислород мосламалари, операция хонаси – буларни орзу ҳам қила олмасдик.
Туғруқ бўлимидаги жиҳозлар ҳақида гапириб берар экан, шифокорлар баъзиларини номлари устида ҳам тортишиб қолганига гувоҳ бўлдик. Демак, бўлим шифокорларининг замонавий масканларга мос тарзда малака оширишига имкон берилиши ҳам керак.
- Биринчи фарзандимни Самарқанд шаҳридаги туғруқхонада дунёга келтиргандим, - дейди Кенагас маҳалласида яшовчи Фарангиз Нурмонова. - Тўғриси, йўл узоқлиги туфайли бир неча кун аввал боришимизга тўғри келди, қолаверса, бошқа ҳудуддан борганимиз учун дори-дармонларни ҳам ўзимиз сотиб олдик, ҳатто ўрин учун ҳам пул тўлагандик. Ўзимизнинг туғруқ бўлимимиз янгиланганини кўриб, ҳеч иккиланмай шу ерга келдик. Ҳатто шаҳарда йўқ шароитларга гувоҳ бўлдик, энг муҳими бепул. Ўзим ҳам, чақалоғим ҳам соғломмиз.
Шунингдек, мажмуа ҳудудида тез тиббий ёрдам хизмати ҳам йўлга қўйилгани шу атрофдаги ўнлаб маҳалла аҳли саломатлигини асраш, уларнинг турмуш сифатини ошириш йўлидаги катта қадамларнинг биридир.
Гулруҳ Мўминова.