Эрон АҚШга музокараларни қайта бошлаш учун бешта шарт қўйди
Fars агентлиги маълумотига кўра, Теҳрон қуйидагиларни талаб қилмоқда:
- жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, айниқса Ливанда;
- Эронга қарши барча санкцияларни тўлиқ бекор қилиш;
- музлатиб қўйилган Эрон активларини қайтариш;
- уруш оқибатида етказилган зарар учун товон тўлаш;
- Ҳурмўз бўғози устидан Эрон суверенитетини тан олиш.
Айни пайтда минтақадаги вазият таранглигича қолмоқда. Яқин Шарқда тўқнашувлар давом этмоқда, айрим ҳудудларда ҳаво ҳужумлари ва ракета алмашинувлари кузатиляпти. Халқаро ҳамжамият эса уруш кенгайиб кетишидан хавотир билдириб, томонларни музокараларга қайтишга чақирмоқда.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги янги музокаралар аниқ санаси ҳозирча эълон қилинмаган. Аммо манбаларга кўра, агар минтақадаги вазият янада кескинлашмаса, учрашувлар яқин ҳафталар ичида ўтказилиши мумкин. Асосий эҳтимолий майдон сифатида Уммон ва Қатар тилга олинмоқда.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлади. 7 апрель куни Оқ уй раҳбари Ислом Республикаси билан икки ҳафталик ўзаро ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилганини эълон қилди. Теҳрон маълумотларига кўра, 40 кунлик уруш давомида АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида 3375 нафар эронлик ҳалок бўлган.
11 апрель куни Теҳрон ва Вашингтон Исломободда музокаралар ўтказди, аммо томонлар узоқ муддатли тинчлик келишуви бўйича бир қатор келишмовчиликлар сабаб муросага эриша олмади.
21 апрель куни АҚШ раҳбари Эрон билан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш нияти борлигини маълум қилди. Эрон давлат телевидениеси хабарига кўра, Теҳрон Вашингтон томонидан бир томонлама эълон қилинган сулҳ узайтирилишини тан олмаслигини ва ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилишини билдирган.