Иқтисодий судларда 7500 дан ортиқ иш кўрилди
Вилоят суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Х.Турсунов иштирокида ўтказилган брифингда йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан 7585 та иқтисодий ишлар мазмунан кўриб, ҳал этилган. Шундан 7109 та даъво қаноатлантирилган, 278 та даъво рад қилинган, 107 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган, 91 та даъво ариза бўйича иш юритишдан тугатилган.
– Кўрилган иқтисодий ишларнинг 5085 таси (67 фоизи) маъмурий ҳуқуқий муносабатларга, 291 таси (31 фоизи) фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга, 192 таси тўловга қобилиятсизликка, 8 таси ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ, 7 таси корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил қилди, – деди Х.Турсунов. - Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати юқори инстанцияларида 171 та иш кўрилиб, 124 таси бўйича суд ҳужжати ўзгаришсиз ўз кучида қолдирилди, 26 таси бекор қилинди ва 21 таси ўзгартирилди. Юқори инстанцияларда кўрилган ишларнинг 84 таси апелляция инстанциясида, 44 таси кассация инстанциясида ва 43 таси тафтиш тартибида кўрилди. Шунингдек, биринчи инстанцияда 29 та иш кўриб тамомланган.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан кўриб ҳал этилиб, даъвоси қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 258 млрд. 381 млн. 384 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида жами 1056 та ишлар кўрилиб, 916 таси қаноатлантирилган.
Иқтисодий судлар томонидан кўрилган 644 та иш бўйича даъвогар (аризачи)лар томонидан республика бюджетига 1 млрд. 567 млн. 91 минг сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, суд қарорига асосан 9 млрд. 523 млн.
319 минг сўм давлат божи ундириш белгиланиб, МИБнинг ҳудудлардаги бўлимларига 2444 та суд ижро ҳужжатлари ижро қилиш учун юборилган.