Самарқандда суд йирик солиқ тўловчига 724 миллион сўмдан кўпроқ жарима қўллаш ҳақидаги талабни рад этди

Суд харажатлари солиқ инспекциясидан ундирилди.

Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига аризачи - йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар - МЧЖга нисбатан муддати ўтган 226 минг 770,70 доллар миқдоридаги дебиторлик қарзининг фоизлар эквивалентида молиявий жарима қўллаш сўралган.

Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, йирик солиқ тўловчи тоифасига кирувчи МЧЖнинг 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига Хитойдаги корхона билан импорт шартномаси бўйича 63 минг 800 доллар, Қозоғистондаги корхона билан экспорт шартномаси бўйича 160 минг 470,74 доллар ва Туркиядаги корхона билан импорт шартномаси бўйича 2 минг 500 доллар миқдорида муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжудлиги аниқланган.

Аризада қайд этилишича, МЧЖнинг Хитойдаги корхона билан импорт шартномаси бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик 2020 йил 11 февралда, Қозоғистондаги корхона билан экспорт шартномаси бўйича 2020 йил 15 февралда ва Туркиядаги корхона билан импорт шартномаси бўйича 2018 йил 20 майда вужудга келган.

Ҳисоблаш натижалари ҳақида ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш ёки жаримани ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисида жавобгарга шахсий кабинети орқали электрон тартибда 2020 йил 16 ноябрда талабнома юборилган. Бироқ қайд этилган 226 минг 770,70 доллар миқдоридаги муддати ўтган дебитор қарздорлик бартараф этилмаган ёхуд 724 миллион 250 минг 929 сўм молиявий жарима ихтиёрий тўланмаган.

Аниқланишича, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси жавобгар МЧЖнинг 2020 йил 26 ноябрдаги 501-сонли жавоб хатини инобатга олмай, ариза киритишдан олдин ТСОЯЭАТ (Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими)даги янги маълумотларни текширмасдан судга ариза билан мурожаат қилган. Ваҳоланки, ўша пайтда жавобгар қайд этилган хорижий давлатлардаги корхоналар билан ташқи савдо шартномалари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлмаган.

Жавобгар томонидан судга ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорлик бартараф қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинди. ТИФ «Миллий банк» вилоят филиалининг маълумотномасида экспорт шартномаси бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги маълум қилинган.

Шунга кўра, суд ариза талабини қаноатлантиришни рад қилди.

Ф.Мажидов,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди судьяси.