Алиментдан электргача: сайёр қабулда муаммоларга ечим топилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилаётган сайёр қабулнинг навбатдагиси Тойлоқ туманида ўтказилди.
Халқ қабулхонаси ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда туманнинг 17 та маҳалласидан келган фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар билан мурожаат қилди. Мурожаатларнинг асосий қисми ичимлик суви таъминоти, электр энергияси, ички йўлларни таъмирлаш, кадастр масалалари, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат ва уй-жой билан боғлиқ муаммоларни қамраб олди.
Узоқ вақтдан буён алимент ундириш масаласида қийинчиликка дуч келаётгандим, - дейди Таллиота маҳалласида яшовчи Шафоат Норматова. - Бугун масъуллар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти бўлди. Мурожаатим назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга топшириқ берилди.
Украч маҳалласида яшовчи Жамшид Жабборов эса электр таъминоти масаласидаги мурожаатининг ижобий ечим топаётганини билдирди:
Маҳалламизда электр таъминотини яхшилаш бўйича мурожаат қилгандим. Мутахассислар томонидан 1 километр СИП кабел тортиш таклифи билдирилиб, масала ижобий ҳал этилиши кутилмоқда.
Қўшчинор маҳалласи фаоли Зокиров Абдуҳамид эса таълим муассасалари билан боғлиқ масалага эътибор қаратди:
Маҳалламизда мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қуввати аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қопламайди. Шу боис янги ўқув бинолари қурилиши бўйича таклиф бердик. Масала ўрганиб чиқиладиган бўлди.
Қабул давомида ҳар бир мурожаат тегишли ташкилотларга бириктирилиб, ижросини таъминлаш учун аниқ муддатлар белгиланди. Айрим муаммолар эса жойидаёқ ҳал этилиб, фуқароларга ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди.
Шу каби сайёр қабул яна Жомбой туманида ҳам ташкил этилди. Ёшлар ишлари агентлиги биносида ўтказилган қабулда аҳоли мурожаатлари тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Тадбирда 100 га яқин мурожаат қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.