Қалбида Ватан, қаламида нур ёки алвон сатрлар соҳибасига эҳтиром

Вилоят Матбуот уйида шоира ва олима, Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, Самарқанд давлат университети профессори Жумагул Сувонова ижодига бағишланган “Юрагим гуллади алвон бўёқда” номли ижодий кеча бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов вилоят ҳокими Адиз Бобоевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда Жумагул Сувонованинг илм-фан, адабиёт ва журналистика ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда ёш авлодни тарбиялашдаги хизматлари юксак баҳоланди. Шунингдек, ижодкорга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Кечада сўзга чиққанлар Жумагул Сувонованинг ижодий ва илмий фаолияти, ўзбек адабиёти ва миллий журналистика ривожига қўшаётган ҳиссаси, ибратли ҳаёт йўли ҳақида фикр билдирдилар. Унинг Ватан, инсон қадри, эзгулик ва меҳр-оқибат ғояларини тараннум этувчи асарлари алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова Жумагул Сувонованинг ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида тўхталиб, унинг меҳнатсеварлиги, матонати ва сабр-бардошини алоҳида таъкидлади.
– Жумагул тумандан вилоят марказига келиб, ўз иқтидори, камтарлиги ва меҳнаткашлиги билан ҳаётнинг барча машаққатларини енгиб ўтди, – деди Хосият Бобомуродова. – У бир ўғил ва бир қизни Ватанга муносиб, эл корига ярайдиган фарзандлар қилиб тарбиялади. Шу билан бирга, ижод ва илмни бирдек елкасида олиб борди. Уни кўп йиллардан буён биламан. Ҳаётдаги ҳар бир синов уни янада тоблади, қаламини чархлади. У ҳеч қачон осон йўл излаган эмас. Барча ютуқларига меҳнати, сабр-тоқати ва илмга чанқоқлиги билан эришди. Бугунга қадар ўттизга яқин назмий ва насрий китоблар, ўқув қўлланмалари ҳамда дарсликлар яратди. Унинг шеърларида аёл қалбининг нозик кечинмалари, она меҳри, Ватанга муҳаббат, инсон қадри ва ҳаёт ҳақиқати самимий ифода этилгани боис китобхонлар ижодини доимо илиқ қабул қилади.

Самарқанд давлат университети профессори Ибодулла Мирзаев эса Жумагул Сувонованинг илмга садоқати, изланувчанлиги ва устоз сифатидаги фазилатлари ҳақида сўз юритди.
– 1990 йилларда ёшгина бир қиз ҳузуримга келиб: «Устоз, сизга шогирд тушмоқчиман», деганди. Ўша қиз Жумагул Сувонова эди, – деди Ибодулла Мирзаев. – Унинг кўзларида илмга чанқоқлик, қалбида эса катта орзу ва қатъиятни кўрганман. У айтган сўзида турди: илм йўлида тинимсиз изланди, ижоддан бир лаҳза ҳам узилмади. Бугун у нафақат етук шоира, балки филология соҳасида ўз илмий мактабига эга бўлган олима, профессор сифатида ҳам эътироф этилмоқда. Ҳақиқий олим ҳам, ҳақиқий шоир ҳам умрининг охиригача ўқиш, ўрганиш ва изланишдан тўхтамайди. Жумагул ана шундай инсон. Унинг бугунги мавқеи йиллар давомидаги машаққатли меҳнат, сабр ва илмга садоқатининг муносиб самарасидир.
Ижодий кеча қизғин мушоира билан давом этди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.