Олий суд каттақўрғонлик марҳум солиқчининг яқинлари калтаклангани бўйича маълумот берди

Навоий вилояти суди биносида 18 июль куни судланувчилар, жабрланувчилар ва уларнинг яқин қариндошлари ўртасида жанжал келиб чиқиб, муштлашув рўй берган. Олий суд матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, суд биносида Каттақўрғон туманидавлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган, марҳум Азиз Аҳмедовнинг вафоти билан боғлиқ жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқиш учун тарафлар суд мажлиси залига таклиф этилган. Суд мажлиси бошланиши арафасида раислик этувчи судья ва судлов ҳайъати аъзолари суд залига киришга улгурмаган бир вақтда судланувчилар, жабрланувчилар ва уларнинг яқин қариндошлари ўртасида жанжал келиб чиқиб, муштлашув рўй берган.

Бундан хабар топган суд мажлисига раислик этувчи судья ва суд ходимлари томонидан ушбу кўнгилсизликка зудлик билан барҳам бериш чоралари кўрилган. Суд залига Миллий гвардия ходимлари дарҳол чақиртирилиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан қисқа муддатда вазият назоратга олинган. Шу куни суд мажлисини ўтказиш имкони бўлмагани боис суд мажлиси бошқа кунга қолдирилган. Ҳолат юзасидан Навоий вилоят ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судининг 2021 йил 3 декабрдаги ҳукмига кўра, судланувчи Меҳриддин Қўчқоров Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми ва 206-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан кодекснинг 59-моддаси тартибида 2 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Яна бир судланувчи Шаҳбоз Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми ва 206-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан ушбу кодекснинг 59-моддаси тартибида 2 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 31 январдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судининг 2021 йил 3 декабрдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 3 июндаги ажрими билан Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 31 январдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгитдан апеллясия инстанцияси судида кўриш учун Навоий вилоят судига юборилган.