Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Навоийда 200 кишига жадвалда бўлмаган рейс учун авиачипта сотилган: аввалроқ Тошкент ва Урганчда ҳам мавжуд бўлмаган рейс учун чипталар сотилганди

8 ноябрь куни Россиянинг “IFly Airlines” авиакомпанияси томонидан Навоий–Москва ва Навоий–Санкт-Петербург йўналишлари бўйича парвоз қилиш ниятида 200 нафар йўловчи Навоий халқаро аэропортига келган. Бироқ бу рейслар жадвалда бўлмаган. Бу ҳақда "Uzbekistan Airports" хабар бермоқда.

Йўловчиларнинг сўзларига кўра, улар авиачипталарни "Восток Бухоро" компаниясининг Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларида жойлашган турли филиалларидан харид қилган.

Навоий аэропорти ходимлари чипталарни сотган компания билан боғланиб, йўловчиларга керакли маълумотларни етказишни ва вазиятни бартараф этишни талаб қилган. Компания вакиллари барча йўловчиларга чипта пуллари қайтарилишини маълум қилган.

Шундан сўнг Транспорт вазирлиги томонидан “IFly Airlines” авиакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйилди.

Қайд этилишича, йўловчилар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида "Ўзавиация" агентлиги томонидан 2020 йил октябрь ойида авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталар сотишни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Урганч аэропортида ҳам 290 нафар фуқарога аслида мавжуд бўлмаган рейс учун чипталар сотилганди.  3 ноябрь куни эса Тошкентда 200 нафар фуқаро худди шу муаммога дуч келган.

Аввалроқ 8 миллион сўмга Самарқанд—Москва йўналишига чипта сотиб олиб учолмай қолган фуқаро мурожаати сайтимизда эълон қилинган эди. Афсуски, бу бўйича бирор бир ташкилот жавобгарликни зиммасига олган эмас.