Ўлкамиз мўъжизалари — Навоийдаги тош қотган ўрмон
Юртимизда шундай табиат масканлари борки, уларни кўриш учун дунёнинг нариги бурчагидан излаб келишади-ю баъзан ўзимиз ана шу масканлардан тўлиқроқ маълумотга эга бўлмаганимиз учун баҳраманд бўлмаймиз.
Шу сабабдан ҳам эндиликда сайтимиз орқали юртимизнинг ноёб масканлари ҳақида маълумот бериб борамиз.
Улкан Қизилқум чўлида бундан миллион йиллар илгари Тетис денгизи мавжланиб турган, дейишади. Адоғи йўқ бу чўлда турли денгиз чиғаноқлари учраб туриши шундан. Мирзачўлдан нафақат чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган суяклари топилган.
Аммо энг ҳайратланарлиси бу ҳам эмас. Қизилқумга бутун дунё сайёҳлари эътиборини қаратган ажойиб масканлардан бири бу — Тошўрмон.
Навоийнинг Учқудуқ туманидаги Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган Жирақудуқ дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган Тошўрмон деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект бор.
Навоий вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси вакили Шаҳзод Саъдиновнинг ҳикоя қилиб беришича, миллион йиллар олдин табиати бой, ўрмонзордан иборат бу ҳудудга метеорит келиб урилган. Натижада денгиз суви парчаланиб, бу ер юз йиллар давомида қуёш нуридан панада — чанг-тўзон гирдобида қолган. Портлаш оқибатида бегона жисмнинг кимёвий ва физик хусусиятлари таъсирида денгиз атрофидаги ўрмонзорлар ва жониворлар тошга айланган. Яна айрим тахминларда эса денгиз суви қуриб қолгач, ўсимликлар юзаси қум билан қопланиб йиллар таъсирида тошга айланган ҳам дейилади.
Энг қизиғи. мазкур табиат мўъжизаси кашф этилганига унча кўп бўлган эмас. 2000-2006 йилларда Ўзбекистон, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва Канада давлатлари палеонтолог олимлари ҳамкорлигидаги халқаро экспедиция якунида бундай ноёб мўъжиза рўёбга чиққан.
PS: Тошга айланган ўрмонлар сайёрамизда камдан кам учрайдиган ҳолат. Бугунгача худди шундай ўрмон АҚШда аниқланган. Аниқроғи, Аризона штатида дарахтлари қуёшда камалак рангларида товланувчи ўрмон қолдиқлари жойлашган. «Тошга айланган ўрмон» деб аталувчи миллий боғ турли минералларга айланган дарахтлар тўнкаларидан ва таналаридан ташкил топган. 200 миллион йил аввал қалин ўрмон бўлган ҳудуд иқлим ва географик ўзгаришлар натижасида чўлга айланган.