"Шоҳларнинг шоири, шоирларнинг шоҳи"
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбек маданияти марказида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Унда Ленинград области маъмуриятининг маҳаллий ўзини бошқариш, миллатлараро ва конфессионал муносабатлар бўйича маслаҳатчиси, профессор В.Михайленко “Алишер Навоий ижодий мероси ва замон” мавзусида маъруза қилиб, ўзбек шоири ва мутафаккирининг асарларида кўтарилган масалалар ҳозирги пайтда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини, Навоий ижодига қизиқиш жаҳон миқёсида, жумладан Россияда ҳам ортиб бораётганини, россиялик шарқшунос олимлар Навоий ҳаёти ва ижодини атрофлича ўрганаётгани, ҳазрат Навоийни инсониятнинг мутафаккир муаллимларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон ва Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва ёзувчи И. Кўчиев Бобур йирик давлат арбоби ва шоир сифатида бутун дунёда тан олинганини эътироф этди.
- Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ҳаётининг асосий қисмини ҳарбий юришлар ва жангларда ўтказган, - деди Исмат Кўчиев. - У Моварауннаҳрнинг тарқоқ вилоятларини бирлаштириш ва буюк темурийлар давлатини янгидан тиклашга уринган. Бобур Мирзонинг улкан давлат яратиш орзуси Ҳиндистонда амалга ошди, у 1526 йилда ўз лашкари билан шу мамлакатга йўл олди. 1529 йилга келиб Бобур Мирзонинг давлати Шарқий Афғонистон, Панжоб ва Бенгалия чегарасигача Ганг воҳасини ўз ичига оларди. Бобур Ҳиндистонда европалик олимларнинг талқинига кўра Буюк мўғуллар, аслида эса Буюк Бобурийлар империясига асос солишга муяссар бўлди. Мазкур империя қарийб уч юз йил ҳукм сурди. Унинг ҳукмронлиги халқлар ўртасида ҳамжиҳатликни ўрнатиш, шунингдек аҳолининг барча қатламларини маърифатли қилишга йўналтирилган эди.
Бобур истеъдодли ҳарбий ва сиёсатчи бўлиш билан бирга буюк шоир эди. Унинг рубоийлари ҳозирги кунда ҳам кўплаб шеърхонларни ҳайратлантиради ва илҳомлантиради. Унинг чиғатой тилида яратилган ғазалиёти тимсолларга бойлиги ва ҳикматлар билан йўғрилгани билан ажралиб туради. Бобур Мирзо 47 йиллик ҳаёти мобайнида бой адабий ва илмий мерос қолдирди. У жаҳон миқёсида эътироф этилган машҳур “Бобурнома”, ажойиб ғазаллар ва рубоийлар, мусулмон қонунчилигига оид “Мубаййин”, шеърият қоидаларига бағишланган “Аруз рисоласи”, мусиқа ва ҳарбий санъатга бағишланган асарлар, шунингдек, “Хатти Бобурий” махсус алифбосини яратган.
Тадбирда Алишер Навоий ва Мирзо Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильмлардан парчалар намойиш қилинди. Санкт-Петербург шаҳрида таълим олаётган талабалар ижросида уларнинг ғазалларидан намуналар ўқилди.
Шунингдек, Исмат Кўчиевнинг рус тилида нашр қилинган “Бобур Мирзо асрлар оралаб” достони қатнашчиларга ҳадя қилинди.
Абдуҳамид Пардаев.