Уч ойда биргина Самарқанд шаҳар иқтисодий судига 800 дан зиёд даъво ариза келиб тушди

Жорий йилнинг биринчи чорагида Самарқанд шаҳар иқтисодий судига юридик шахс ва тадбиркорлик субъектларининг 816 та даъво аризаси келиб тушган. Даъво аризалардан 542 таси кўриб чиқилиб, тегишли суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Хусусан, 465 таси иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилиб, 49 таси бўйича талаблар рад этилган, 13 таси бўйича ариза кўрмасдан қолдирилган. 15 та иқтисодий иш бўйича иш юритиш тугатилган.

Ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 383 та даъво ариза электрон шаклда тақдим этилган. Кўрилган ишлар 2020 йилнинг сўнгги чораги билан солиштирганда ишлар сони 48 фоизга камайганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Умуман, жорий йилнинг 1-чорагида шаҳар иқтисодий суди томонидан даъвогарлар фойдасига жавобгарлардан 45 миллиард 304 миллион 50 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Айбдор тарафлардан республика бюджетига 1 миллиард 838 миллион сўм давлат божи ундирилган.

Ҳисобот даврида кўрилган иқтисодий ишларни таҳлили қуйидагиларни кўрсатмоқда:

- 386 та иш фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга;

- 136 та иш маъмурий ҳуқуқий муносабатларга;

- 19 та иш ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига;

- 1 таси корпоротив муносабатларга оид ишлар.

Шунингдек, 1-чорак мобайнида Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва бошқа субъектлар манфаатларини кўзлаб 444 та даъво ариза киритилган. Шундан 43 та даъво аризаси қайтарилган, 350 та даъво аризаси мазмунан кўриб чиқилиб, 337 таси қаноатлантирилган, 7 таси рад этилган ҳамда 5 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Самарқанд шаҳар иқтисодий судига тадбиркорлик субъектлари ва бошқа субъектлар манфаатларини кўзлаб адлия органлари томонидан 2 та, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан 1 та даъво ариза киритилган.

Камолиддин Тўхтаев,

Самарқанд шаҳар иқтисодий суди раиси.