Иқтисодий судларда ишни кўриб чиқиш тартиби ўзгарди. Жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик борми?
Давлатимиз раҳбари томонидан суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан бир қатор процессуал қонун нормаларига, шу жумладан, Иқтисодий процессуал кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун имзоланди.
Мазкур қонун асосида процессуал қонун нормаларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, вилоят судлари ваколатидан кассация тартибида иш юритиш институти чиқариб ташланиб, фақат апелляция тартибида иш юритиш ваколати қолдирилди.
Кассация тартибида иш юритиш ваколати эса Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказилди. Шу билан бирга Олий судда ишларни назорат тартибида кўриш тугатилиб, вилоят судларида апелляция тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича берилган кассация шикоятларини кўриши белгиланди.
Қонунга кўра, шикоят бериш муддатлари ҳам узайтирилди, яъни илгари апелляция шикояти бериш муддати ишда иштирок этган ёки иштирок этмаган тарафлар учун бир хил ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар 30 кун эди. Энди агар тараф ишга қатнашмаган бўлса ёки унинг иш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятларига алоқадор қарор қабул қилинган бўлса-да у ишга жалб этилмаган тақдирда, тараф мазкур ҳал қилув қароридан хабардор бўлган кундан бошлаб, 30 кун мобайнида шикоят бериши мумкин.
Мазкур ҳолатда тараф бир йилдан сўнг хабардор бўлса ҳам апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи чекланмаслиги белгиланди.
Апелляция инстанциясининг қарори эълон қилинган кундан бошлаб, бир йил ичида Олий судга кассация тартибида шикоят бериш мумкин. Агар тараф кассация шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган бўлса ҳам уч ой ичида унга шикоят бериш муддатини тиклаш ҳақида илтимосномасини илова қилса, муддат тикланиши мумкин.
Шунингдек, Олий суднинг судловига тегишли ишлар жумласига инвестиция ва рақобатга оид низолар ҳам киритилди. Мазкур ҳолатда, йирик инвесторлар ўртасидаги инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига биноан мазкур ишлар бевосита Олий судда ёки вилоят судларида биринчи инстанция сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Қолган йирик бўлмаган инвестициявий низолар тарафларнинг хоҳишига биноан жавобгар жойлашган жойдаги туман, шаҳар, туманлараро иқтисодий судлар ёки вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилиши белгилаб қўйилди.
Бу мамлакатимизда инвестиция ва инвесторларининг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилиниши, инвестиция билан боғлиқ низоли ҳолатлар юзага келган тақдирда, низолар Олий суд судлов таркиби томонидан кўриб чиқилиши, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари энг юқори одил судловнинг ҳимоясида эканлигини англатади.
Ойбек Асатов,
Самарқанд вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси.