Иқтисодий судлар қандай асосда даъвони қайтаряпти?
Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди 2021 йил мобайнида 35 та даъво аризани қабул қилишни рад этган, 287 та даъво ариза қайтарилган. Бунинг сабаблари нимада?
Суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Жумладан, иқтисодий судларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан даъво ариза (ариза) билан мурожаат қилишда зарурий қонун талабларига амал қилиш ҳам лозим бўлади. Белгиланган меъёрларга риоя қилинган ҳолда судга киритилган даъво аризалар суд томонидан кўриб чиқлади. Қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилмаслик эса Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси(ИПК)нинг 154-моддасига асосан даъво аризани иш юритишга қабул қилишнинг рад этилишига ёки 155-моддасига асосан даъво аризанинг қайтарилишига сабаб бўлади.
Ҳолатни Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди мисолида кўриб чиқамиз.
Хато ва камчиликлар билан берилганлиги сабабли 2021 йил мобайнида 35 та даъво аризани қабул қилиш рад этилган, 287 та даъво ариза эса қайтарилган.
Табиийки, даъво аризада муайян хато ва камчиликлар бўлмас экан, улар суд томонидан даъвогарлар (аризачи)га қайтариб жўнатилмайди.
Хўш, унда иқтисодий судларга берилаётган даъво аризаларда қандай камчиликлар кўпроқ учрамоқда?
Биринчи ҳолат: ИПКнинг 155-моддаси 1-қисми 5-банди - жавобгар ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаганлиги.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, даъвогарлар (аризачилар) ёхуд уларнинг манфаатини кўзлаб иқтисодий судга мурожаат қилаётган шахслар томонидан даъво аризасининг ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилмасдан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳолатлари учрайди. Ваҳоланки, ИПК 150-моддасига асосан даъво аризасининг ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ва учинчи шахсларга ҳам юборилиши керак. Бундай талаб фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда мавжуд эмас, фуқаро ва тадбиркорлар томонидан иқтисодий судларга мурожаат қилишда ушбу тафовут борлигига эътибор қаратилмаяпти.
Иккинчи ҳолат: ИПКнинг 155-моддаси 1-қисми 2-банди - даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги.
Бу ҳам даъво ариза билан мурожаат қилишда йўл қўйилаётган аксарият хатоликлардан биридир. Бунда, даъво аризага имзо чекишга даъвогар субъектнинг раҳбари ёхуд раҳбар томонидан қонунда белгиланган тартибда ваколат берилган шахс ёхуд даъвогар, агар, юридик шахс бўлса, унинг таъсис ҳужжатида унинг номидан ҳужжатларни имзолаш ваколати берилган шахс ваколатли бўлади. Масалан, “А” корхонанинг номидан даъво аризага унинг раҳбари ёки шу раҳбар томонидан ишончномада даъво аризани имзолаш ваколати берилган шу корхонада расман фаолият юритадиган тегишли шахс ўз мансаб-мавқеи, лавозими, фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатган ҳолда имзо чекиши мумкин бўлади. ИПКнинг мазкур талабига риоя қилинмаган ҳолда берилган даъво аризалари эса қайтарилади.
Амалиётда имзо чекилмаган ҳолда даъво ариза билан мурожаат қилиниши, гарчи, кам бўлса-да, учраб туради. Шунингдек, айрим ҳолларда, даъво аризага раҳбарнинг шахс, мансаб мавқеи, фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган бўлса-да, имзо чекиш ваколатига эга бўлмаган шахслар томонидан имзо чекилган ҳолда, турли белгилар чизиб, масалан, чизиқча тортилиб, имзо қўйилиши ҳолатлари ҳам учрайди. Аммо бу ҳам қонун жиҳатидан нотўғри. Даъво ариза шахси, мансаб мавқеи, фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган шахснинг ўзи томонидан имзоланиши лозим.
Учинчи ҳолат: ИПКнинг 155-моддаси 1-қисми 6-банди - давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса ёки илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса.
Албатта, иқтисодий судларга даъво ариза билан мурожаат қилишда, шунингдек, суд ҳужжатларининг дубликатларини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра иқтисодий суд томонидан ишлардан бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгиланган меъёрлар бўйича давлат божи тўланади. Даъво аризалар билан мурожаат қилишда белгиланган миқдорда почта харажатлари ҳам тўланади. Қайд этиш лозимки, турли давлат идора ва ташкилотларига, жумладан, судларга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод қилинадиган шахслар ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳақидаги маълумотлар барчаси қонунда кўрсатиб ўтилган (https://lex.uz/uz/docs/4680944).
Аммо даъво ариза билан мурожаат қилишда ушбу қоидаларга ҳам риоя қилмаслик ҳолатлари кўп учрамоқда.
Тўртинчи ҳолат: ИПКнинг 155-моддаси 1-қисми 10-банди - даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар уни қайтариб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса.
Бу ҳолатда, даъво ариза айнан даъвогар тарафнинг хоҳиш-иродаси ўлароқ суд томонидан қайтарилади. Амалиёт кўрсатадики, даъво ариза берилгач, уни қайтариб олиш учун асосан икки хил сабабдан бири юз беради: даъво ариза турли камчиликлар билан берилганлигини даъвогар тушуниб етган ёки даъвогар ва жавобгар ўзаро келишув чораларини кўришган бўлади.
Бешинчи ҳолат: ИПКнинг 155-моддаси 1-қисми 7-банди - низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни даъвогар тақдим этмаган бўлса.
Бу муаммо ҳам даъво ариза киритишда мурожаатчилар томонидан йўл қўйилаётган жиддий камчиликлардандир. Чунки, агар қонунда ёки шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) талаби белгилаб қўйилган бўлса, ўзаро ҳуқуқий муносабатга киришган тарафлар ушбу нормага риоя қилишга мажбурдирлар.
Мана шу ҳолатлар бугунги кунда даъвогарлар томонидан иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилишда энг кўп йўл қўйилаётган камчиликлардан эди.
Фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида айнан суд ҳокимиятининг ташаббуси билан даъво аризаларни қайтариш ва қабул қилишни рад қилишга сабаб бўлувчи айрим муаммоларга барҳам бериш чоралари кўрилмоқда.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 15- ва 18-мақсадлари бевосита суд ҳокимияти ва суд органлари қарорларини ижро қилиш масалаларига дахлдор ҳисобланади. Бунда, судлар тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш кўзланган.
Яъни, масалан, сиз даъво аризани фуқаролик ишлари бўйича (иқтисодий) судга тақдим қилмоқчисиз. Аммо бу даъво ариза, аслида иқтисодий (фуқаролик ишлари бўйича) судга тааллуқли эканлигини билмайсиз. Бу ҳолатда, фуқаролик ишлари бўйича (иқтисодий) суд сизнинг даъво аризангизни, бизга тааллуқли эмас, деган важ билан қабул қилмаслиги мумкин эмас. Ўрнатиладиган янги тартибга мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича (иқтисодий) суд қабул қилиб олинган даъво аризани ваколатли судга – иқтисодий (фуқаролик ишлари бўйича) судга юбориши керак бўлади. Бундан кўзланган мақсад – мурожаатчиларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини судлар томонидан янада самаралироқ ҳимоя қилинишига шароит яратиб бериш, уларнинг вақтини тежашдир.
Албатта, бу тартиб шунчаки юзага келиб қолмайди. Давлат дастурига мувофиқ 2022 йилнинг август ойига қадар тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.
Ўктам Муродов,
Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.