Бош қомусимизда архив фаолиятининг ҳуқуқий асослари мавжуд

Ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланиши, тарихий меросининг асраб-авайланиши ва фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашда архивлар муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бу соҳадаги муносабатлар учун ҳам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Архив тизими нафақат ҳужжатларни сақлаш, балки давлат бошқаруви ва жамият тараққиётининг ажралмас бўғинидир.

Конституциямизнинг 33-моддасида ҳар бир фуқаронинг ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи кафолатланган. Ушбу норма архивларда сақланаётган очиқ маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. 34-модда эса давлат органларининг фуқароларга зарур ахборотни тақдим этиш мажбуриятини белгилайди. Бу архивларда мавжуд бўлган очиқ ҳужжатлар бўйича фуқаролар сўровларига ўз вақтида ва асосли жавоб берилишини ҳам англатади.

61-моддага кўра, маданий меросни асраш давлатнинг устувор вазифаларидан биридир. Архив ҳужжатлари эса ушбу мероснинг муҳим бўлаги ҳисобланади. Тарихий ҳужжатларнинг сақланиши келажак авлодлар учун бебаҳо илмий, маънавий ва маданий манба бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси архив тизимининг фаолияти, ҳуқуқий асослари ва ривожланиш механизмларини белгилаб берар экан, жамият тараққиётида архивларнинг ўрни янада ортиб бораверади.

Ф.Улуғов,

Самарқанд вилоят давлат архиви етакчи архивчиси.