Таниқли ижодкорлар институт фахрий профессорлари бўлди

Самарқанд давлат педагогика институтида Конституция ҳамда Ўзбекистон Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда таниқли шоир, ёзувчи ва драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, севимли шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

Дастлаб Самарқанд давлат педагогика институти ректори профессор Шаҳзода Негматова Конституциянинг давлатимиз тараққиётидаги беқиёс ўрни, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашдаги асосий ҳуқуқий пойдевор эканлиги, шунингдек, мадҳиямизнинг миллат ғурури ва шаънини ифодаловчи муқаддас қўшиқ сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг Фармон Тошев ва Хосият Бобомуродова Бош қомусимиз ҳамда мадҳия ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ижод намуналаридан ўқиб берди. Фаол иштирок этган талабаларга китоблар туҳфа қилди.

Тадбирда талабалар Ватан мадҳини улуғловчи куй-қўшиқлар ижро этди, миллий рақслар намойиш қилди, Конституциямизнинг айрим моддаларига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этишди.

Тадбир якунида Шаҳзода Негматова Фармон Тошев ва Хосият Бобомуродовага институтнинг фахрий профессори унвонларини топширди.