Бош қомусимиз қабул қилинган кун кенг нишонланмоқда

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ўтказилмоқда.

Унда вилоят фаоллари, ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ҳарбийлар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев тадбир қатнашчилари ва улар тимсолида барча самарқандликларни қутлуғ сана билан табриклаб, вилоятимизнинг иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлари ва келгуси режалар ҳақида тўхталди.

Таъкидланишича, жорий йил 9 ой якуни билан вилоятимизнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 87,5 триллион сўмни ёки ўсиш суръати 107,7 фоизни ташкил этди. Бунда, саноат ҳажми 7,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,9 фоизга, хизматлар ҳажми 14,1 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажми 22 фоизга ўсиши таъминланди. 2025 йилда иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобига 1,9 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Шунингдек, қиймати 656 миллион долларлик 18 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 954,2 миллион долларлик 770 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 14 765 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани айтилди.

Якунланаётган йилда вилоятнинг экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш белгиланиб, 10 ойда 848,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 36 фоизга ошди.

- Умуман, эришаётган бу каби ютуқларимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз, иқтисодий ривожланиш ҳамда халқимиз фаровонлиги Конституциямиз ва у асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир, - деди вилоят раҳбари.

Тадбир самарқандлик таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури билан давом этди.

Сана муносабати билан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида байрам тадбирлари давом этмоқда.