Ҳуқуқларимиз кафолати, келажагимиз асоси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан “Конституция — мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигининг асоси!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар бўлими, вилоят тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази ҳамда СамДУ қошидаги Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, миллий маданий марказлар масъуллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

— Конституция фақат қоғоздаги ҳужжат эмас, балки мамлакатимизда барча фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи, миллий бирдамлик ва ижтимоий барқарорликни таъминловчи асос, — дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Наргиза Файзиева. —  Бош қомусимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, бурчлари ва кафолатлари асосий мезон сифатида белгилаб қўйилган. Шу боис ҳар бир фуқаро ушбу қонунни нафақат билиши, балки унинг аҳамиятини, инсон қадрини юксалтириш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва муносиб ҳаёт тарзини таъминлашга хизмат қилишини англаши керак.

Тадбирда Конституциянинг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни, таълим, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган нормалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

- Конституциянинг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб белгилаб қўйилган, — дейди вилоят тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази раиси Шуҳрат Саматов. - Бу миллатлараро тотувликни, халқлар ўртасида дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлашни назарда тутади, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди, миллати ва тилидан қатъи назар барча учун ижтимоий ва ҳуқуқий баробарликни кафолатлайди. Бугунги тадбирда Асосий қонунимизнинг шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларга Конституция нормалари, ҳуқуқий билим ва жамиятдаги масъулият ҳақида тушунчалар берилди.

Тадбирда ҳуқуқий викторина ва савол-жавобларда фаол иштирок этган ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.