Бир мақола ортидан бошланган устоз-шогирдлик

Шундай инсонлар бўладики, уларнинг эзгу насиҳатлари, самимий меҳри ва ҳаёт сабоқлари йиллар ўтса ҳам қалбдан ўчмайди. Ана шундай фидойи, касбига садоқатли, юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлган устозлардан бири — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов эди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан устозимни чуқур эҳтиром ва беқиёс миннатдорлик билан ёдга олишни ўзимнинг маънавий бурчим деб биламан.
Мен учун Сафар ака нафақат таниқли журналист, балки журналистика оламига илк қадам қўйишимга сабабчи бўлган биринчи устозим ҳамдир. У киши билан боғлиқ ҳар бир хотира бугун ҳам қалбимда илиқ туйғулар ва юксак эҳтиром билан яшайди.
Талабалик йилларимда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олар эканман, спорт гимнастикаси бўйича мусобақада гуруҳимиз муваффақиятли иштирок этди. Шу мусобақа таассуротлари асосида илк мақоламни ёзиб, ўша пайтдаги «Ўзбекистон физкультурачиси» газетаси таҳририятига олиб бордим.
Бош муҳаррир Сафар Остонов мақоламни диққат билан ўқиб чиқди. Камчиликларини сабр билан тушунтирди, айрим жойларини таҳрир қилди ва энг муҳими, уни чоп этишга тавсия этди. Ёш муаллифга ишонч билдириб, мунтазам ижод қилишимни маслаҳат берди. Мен учун бу оддий тавсия эмас, балки бутун умрлик ижодий қанот, келажакка ишонч бағишлаган илк эътироф эди.

Орадан кўп ўтмай, газетада яна бир неча мақолаларим эълон қилинди. Кейинчалик турли спорт тадбирларида Сафар ака билан тез-тез учрашиб турдик. Ҳар бир суҳбатимиз мен учун ҳақиқий маҳорат дарсига айланарди. У киши журналистик одоб, мақола ёзиш маданияти, воқеаларга холис ёндашиш ва ҳар бир сўзнинг масъулияти ҳақида қимматли маслаҳатларини ҳеч қачон аямасди.
Айниқса, «Sport» газетасида чоп этилган мақолам учун тақдим этилган эсдалик совғасини айнан Сафар ака қўлидан қабул қилганим ҳаётимдаги энг бахтли ва унутилмас лаҳзалардан бири бўлиб қолган. Бу нафақат мукофот, балки устознинг шогирдига билдирган ишончи ва эътирофи эди.
2000 йилда тақдир мени «Sport» газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири сифатида иш бошлаш бахтига мушарраф этди. Бу вақтга келиб Сафар ака бошқа масъул вазифада фаолият юритар эдилар. Шунга қарамай, ҳар бир учрашувимизда мен яна янги билим ва тажриба олардим. У кишининг маслаҳатлари, кўрсатмалари ва ҳаётий тажрибаси менинг касбий шаклланишимда мустаҳкам пойдевор бўлди.

Бугун ортга назар ташлар эканман, журналистика соҳасида эришган ҳар бир ютуғимда устозимнинг меҳри, ишончи ва берган сабоқлари мужассам эканини янада теран ҳис қиламан. Шу боис Сафар Остоновни ҳамиша биринчи устозим деб биламан ва у кишига нисбатан қалбимдаги миннатдорлик туйғуси бир умр сақланиб қолади.

Устозлар умрбоқий эмас, аммо уларнинг таълими, эзгу ишлари ва шогирдлар қалбида қолдирган ўчмас излари мангу яшайди. Сафар ака Остонов ҳам ана шундай эзгу ном қолдирган устозларимиздан бири сифатида хотирамизда абадий яшайверади.

Саломхон Ҳакимов,
Ўзбекистон «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси», «Спорт фахрийси» кўкрак нишонлари соҳиби.