Китоблар осмон билан туташган маскан

Жанубий Кореяда кутубхона деганда фақат жим-жит ўқув зали эмас, балки замонавий шаҳар маданиятининг бир қисми тушунилади. Биз Сувон шаҳридаги Старфилд Бёльмаданг кутубхонасида бўлганимизда бунинг ёрқин намунасини кўрдик. Бу ерда китоб, меъморчилик, санъат ва дам олиш бир маконда уйғунлашган.

Кёнги-до вилоятида жойлашган Сувон шаҳри тарихий Хвасон қалъаси ва замонавий саноати билан машҳур. Энди эса шаҳарнинг энг диққатга сазовор масканларидан бири — Старфилд савдо мажмуаси ичидаги Бёльмаданг кутубхонаси ҳам Сувон шаҳрини янада машҳурликка чиқармоқда. Корейс тилида «Бёльмаданг» — «Юлдузлар майдони» деган маънони англатади.

Кутубхона тўртинчи қаватдан еттинчи қаватгача чўзилган улкан атриум шаклида барпо этилган. Баландлиги қарийб 22 метрга етадиган китоб жавонлари, кенг очиқ майдон ва табиий ёруғлик бу ерга кирган ҳар бир кишида санъат галереясида тургандай таассурот уйғотади.

Бу ерда ўн минглаб китоблар жамланган. Фонддан бадиий адабиёт, дизайн, санъат, бизнес, саёҳат, психология ва турмуш тарзига оид китоблар ўрин олган. Учинчи қаватда болалар учун алоҳида кутубхона ҳам ташкил этилган.

Энг муҳими, бу маскан китоб ўқишдан ташқари маданий ҳаёт маркази вазифасини ҳам бажаради. Бу ерда муаллифлар билан учрашувлар, маърузалар, кўргазмалар ва кичик концертлар ўтказилади. Шу боис кутубхонага талабаларгина эмас, оилалар, сайёҳлар ва шаҳар аҳолиси ҳам ташриф буюради.

Бёльмаданг кутубхонасининг асосий ғояси оддий: китобни одамнинг ўзига яқинлаштириш. Савдо марказига келган киши, аввало, жозибали муҳитга қизиқиб киради, кейин эса беихтиёр китобларга мурожаат қилади. Бу китобхонликни тарғиб қилишнинг замонавий ва самарали усулидир.

Бу тажриба Ўзбекистон учун ҳам қизиқарли. Йирик шаҳарлардаги савдо марказларида очиқ китоб майдонлари ташкил этилса, китоб кундалик ҳаётнинг табиий қисмига айланиши мумкин. Чунки бугун китобхонликни ривожлантириш учун фақат тарғибот эмас, балки одамни китобга етаклайдиган жозибали муҳит ҳам зарур.

Сувондаги Бёльмаданг кутубхонаси ана шу ёндашувнинг муваффақиятли намунасидир. Бу ерда китоб жавонда сақланадиган буюм эмас, балки шаҳар ҳаётининг ажралмас қисми сифатида яшайди.

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Самарқанд - Сеул - Сувон.

Жанубий Кореядан Zarnews.uz учун махсус.