Зарафшон ҳавзасида сув ҳисобини юритишда замонавий технологиялардан фойдаланилади
Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини самарали бошқариш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда Швейцариянинг Caritas Switzerland ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда унинг халқаро технологик ҳамкорлари томонидан Зарафшон магистрал каналлар тизими бошқармаси мутахассислари учун амалий ўқув-семинари ташкил этилди.
Тадбирда дарё ва каналларда сув сарфини аниқ ўлчаш, гидрометрик кузатувларни замонавий усуллар асосида ташкил этиш ҳамда чўкиндилар мониторингини юритиш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди.
Швейцария ҳукумати молиялаштираётган “Зарафшон дарёси ҳавзасида иқлимга чидамли интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш (CR-IWRM)” лойиҳаси доирасида бошқармага замонавий M9 Acoustic Doppler Current Profiler (ADCP) қурилмаси етказиб берилди. Мазкур ускуна сув оқимининг тезлиги ва сарфини юқори аниқликда ўлчаш имконини берувчи замонавий гидрометрик восита ҳисобланади.
Амалий машғулотлар давомида мутахассислар қурилмани ишга тайёрлаш, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш, сув сарфи бўйича ҳисоботлар шакллантириш ҳамда реал вақт режимида каналларда чўкинди тўпланишини баҳолаш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлишди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур технологиянинг амалиётга жорий этилиши Зарафшон дарёси сувларидан фойдаланувчи ҳудудларда сув ҳисобини юритишнинг аниқлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш ҳамда бошқарув қарорларини тезкор ва аниқ қабул қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Мазкур ташаббус сув хўжалиги соҳасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ва сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Н.ШОДМОНҚУЛОВ.