Нобель мукофоти совриндорлари ҳақида китоб нашр этилди

Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси муносабати билан “Инсон. Маданият. Тинчлик: Маданиятни англаш ва XXI асрда ҳаётни идрок этиш борасида таниқли замондошлар билан суҳбатлар” номли тўрт жилдли тўпламнинг Нобель мукофоти соҳибларига бағишланган биринчи жилди тақдимоти ўтказилди.
Самарқанд халқаро технология университети ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бирга вилоятдаги олий таълим муассасалари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Универитет ҳузуридаги “Инсон. Маданият. Тинчлик” илмий-маърифий маркази масъуллари А.Ионесов ва В.Ионесов томонидан, университет ректори, профессор Ю.Абдуллаев масъул муҳаррирлигида тайёрланган китобда тинчлик маданияти ва фуқаролик дипломатиясига бағишланган муаллифлик материаллари жамланган бўлиб, улар дунёни ўз ихтиролари, илмий кашфиётлари билан яхшилик сари ўзгартирган замонамизнинг йирик интеллектуал шахслар билан олиб борилган суҳбатлар, ёзишмалар, учрашувлар ва фикр алмашувлар асосида шакллантирилган.
– Муаллифлар қарийб қирқ йил давомида жаҳон миқёсида тан олинган фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларининг йирик намояндалари билан доимий мулоқот ва ёзишмаларни амалга оширган, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Тўпламнинг биринчи жилди муаллифларнинг 72 нафар Нобель мукофоти совриндорлари билан маданият моҳияти ва ХХI аср дунёсининг қиёфаси ҳақида олиб борган суҳбатлари ҳамда ёзишмаларини ўз ичига олади. Унда инсоният цивилизациясининг барқарорлиги ва истиқболи билан боғлиқ долзарб масалаларга оид саволларга жавоблар, замонамизнинг етук интеллектуал ва фикр етакчиларининг эксклюзив кузатувлари, изоҳ ва фикр-мулоҳазалари жамланган. Китобда келтирилган оригинал хатлар тўплами ўқувчига фан ва таълим оламининг етакчи арбоблари билан бевосита фикр алмашиш, улар билан биргаликда тез ўзгараётган дунёда маданиятнинг мазмуни ва миссияси ҳақида мушоҳада юритиш имконини беради.
Лойиҳанинг бош ғояси шундаки, инсон ўзида билим, ижодкорлик, ахлоқ, инсонпарварлик ва эркин тафаккурга таянар экан, у ўзгараётган дунёнинг ҳар қандай синовларига дош бера олади.
Тақдимотда мазкур нашр лойиҳаси ЮНEСКОнинг замонавий дунёдаги мақсад ва миссиясини илгари суриш, шунингдек, Самарқанднинг дунё шаҳарлари билан маданий ҳамкорлик ва биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида турли танлов ва грант лойиҳаларида муваффақиятли иштирок этган университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари тақдирланди.
“Самарқанд барча қитъаларда”, “Ўзбекистон ва Россия маданиятлари мулоқотида Самарқанд: мерос ва замон”, шунингдек “Америка Самарқандиёнаси” номли тематик кўргазмалар ташкил этилди.