Ўқитувчи таълим билан бирга тарбия ҳам беради

Ўқитувчилар – жамиятнинг энг ҳурматга сазовор ва муҳим касб эгалари ҳисобланади. Улар нафақат билим берувчи, балки ёш авлоднинг тарбияси маънавий ривожланиши ва ижтимоий ҳаётга тайёрланишида асосий ролни ўйнайдилар.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида ўқитувчи катта аҳамиятга эга, чунки улар келажак авлодни шакллантиришда беқиёс ҳисса қўшадилар.

Ўқитувчилик касби сабр, фидойилик ва меҳр-муҳаббатни талаб қилади. Ҳар бир ўқитувчи дарсни фақат тушунарли ва қизиқарли ўтиши билан чекланмай, балки ҳар бир талабанинг қобилиятини аниқлаб, уни ривожлантириш йўлида ишлайди. Ўқитувчи нафақат билим беради, балки талабанинг фикрлашини шакллантирадиган шахс ҳисобланади, уларни мустақил қарор қабул қилишга ўргатади ва ҳаётий тажриба билан таништиради. Шу билан бирга уларнинг тарбиявий роли ҳам катта аҳамиятга эга, чунки ҳар бир ўқитувчи талабаларда ахлоқий қадриятлар, меҳнатсеварлик ва жамиятга фойдали бўлишни сингдиради.

Бугунги кунда технологиялар жуда ривожланиб, онлайн таълим ва электрон ресурслар кенг қўлланилса-да, ўқитувчининг шахсий ёндашуви ва самимий мулоқоти ҳеч нарсанинг ўрнини боса олмаяпти. Ўқитувчи билан юзма-юз мулоқот қилиш, билимни нафақат китобдан, балки ҳаётий мисоллар орқали ўрганиш талаба учун бебаҳо тажриба ҳисобланади. Шу сабабли ўқитувчининг касбий маҳорати инсоний фазилати ва меҳр-муҳаббати ёш авлоднинг шахс сифатида етилиши учун муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, ўқитувчилар жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширувчи асосий куч ҳисобланади. Яхши ўқитувчи нафақат билим беради, балки талабаларда орзу интилиш ва мақсадни уйғотади. Улар ёшларнинг ижтимоий ва илмий фаолиятига қизиқишини оширади, уларни янги ғоялар, қизиқишларга ва ижодий фаолиятга йўналтиради. Шу сабабли ўқитувчилар жамиятнинг маънавий ва интеллектуал пойдеворини яратишда муҳим роль ўйнайди.

Ўқитувчилик касби масъулият ва фидойиликни талаб қилади. Ҳар бир дарс, ҳар бир суҳбат, ҳар бир маслаҳат ўқувчи, яъни биз ёшларнинг келажаги учун муҳим ҳисобланади. Шу сабабли ўқитувчининг меҳнати, сабр-тоқати ва меҳр-муҳаббати ҳеч қачон қадрсиз қолмайди. Жамиятнинг ривожланиши ва инсонларнинг билим даражаси кўп жиҳатдан ўқитувчиларнинг меҳнатига боғлиқ бўлади.

Рохила Шаймуродова,

Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.