Самарқандда глобал экологик масалалар муҳокамасига киришилди
Самарқанд халқаро туризм марказида Йўқолиб бораётган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция (CITES) Томонлар конференциясининг 20-сессияси (CITES CoP20)нинг очилиш маросими ўтказилди.
CITES (Convention on International Trade in Endangered Species of Wild Fauna and Flora) 1973 йилда қабул қилинган ва 1975 йилда кучга кирган конвенция бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон ва ўсимлик турларининг халқаро савдосини тартибга соладиган ва назорат қиладиган халқаро механизмдир. Унинг асосий мақсади табиий ресурслардан фойдаланишни чеклаш орқали турларнинг йўқолиб кетишининг олдини олиш ҳисобланади. Конвенция йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар билан савдони чеклаш ёки тўлиқ тақиқлаш, табиий популяцияларга зарар етказмайдиган даражада савдони назорат қилиш, аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик механизмларини ўрнатишни назарда тутади.

Ўзбекистон 1997 йилдан бери CITES Конвенцияси иштирокчиси ва мазкур Конвенция иловаларига киритилган қатор турлар, жумладан, қор қоплони, сайғоқ ва камёб доривор ўсимликларнинг ватани ҳисобланади.
Шу жиҳатдан “CITES CoP20”нинг Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун дунёнинг 185 давлатидан 3 минг нафарга яқин иштирокчи қадимий кентга келди.
“CITES CoP20”нинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, CITES Бош котиби Ивонн Игеро хоним сўзга чиқиб, мазкур халқаро форум ва ундан кутилаётган натижаларга эътибор қаратди.
А.Абдуҳакимов ўз сўзида Ўзбекистон ҳукумати Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги минтақавий ва глобал саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлашга қатъий бел боғлаганини қайд этиб, бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

– 2025 йил юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишнинг ёрқин ифодасидир, – деди А.Абдуҳакимов. – Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти миллий экологик бошқарувни тубдан ўзгартириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисидаги тарихий фармонни имзолади. Унга кўра, тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис Сенати олдига ҳисобдор Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Экология қўмитаси “Био мерос”, “Яшил макон”, “Эко-маданият”, “Тоза ҳаво” ва “Чиқиндидан холи ҳудуд” умуммиллий лойиҳаларини амалга ошириш устувор этиб белгиланди. Экополиция ва Экологик мониторинг миллий маркази транформация этилиб, унинг янги ваколатлари ёввойи флора ва фауна ноқонуний савдоси ҳамда табиатга қарши жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини оширади. Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда Ўзбекистонда экология соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 14 та янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиб, уларнинг майдони 4 фоиздан 14,2 фоизга ёки 6,3 миллион гектарга етди. 108 турдаги ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турлари CITES рўйхатларига киритилди ва муҳофазага олинди. "Қизил китоб"га киритилган ҳайвонот объектларига етказилган зарарни ундириш суммалари 10 бараварга, ўсимликларга етказилган зарарни ундириш суммалари 5 бараварга, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарималар 5 бараварга оширилди. Биз кундалик фаолиятимизга рақамли ечимларни, жумладан, GIS (географик ахборот тизимлари) ва SMART-Patrol тизимини жорий этмоқдамиз. Натижада, 2023 йилдан бошлаб, инспекторларимиз томонидан ёввойи табиатга қарши 14 мингдан ортиқ жиноят ва ноқонуний савдо ҳолатлари қайд этилиб, олди олинди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўз сўзида Ўзбекистон томонидан бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Жумладан, барча жараёнларни рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш ноқонуний савдога қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, аъзо давлатлар ва CITES котибияти билан ҳамкорликда “Samarkand AI-hub” маслаҳат платформасини жорий этишни таклиф қилди. Шунингдек, ноқонуний савдо жадаллашиб бораётган бир даврда, томонларда санкциялар ва жавобгарликни кучайтириш бўйича нормаларни мувофиқлаштириш механизмини (“Sanctions & Enforcement Enhancement Facility”) ишлаб чиқиш, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш марказлари ва ноёб ўсимликлар плантацияларини ривожлантириш таклифларини билдирди.
Сессия қатнашчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари – БМТ атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсен хоним видеомурожаат йўллаб, Ўзбекистон раҳбариятига мазкур халқаро тадбирга мезбонлик учун миннатдорлик билдирди ва сессия ишига муваффақият тилади.
Очилиш маросимидан сўнг сессия кун тартибига мувофиқ муҳим масалалар муҳокамасига киришилди.