Ким айбдор: мактаб, ўқитувчи ёки ота-она?

Охирги пайтларда қулоғимизга “Ёшлар ўқимайди”, деган гаплар кўп чалиняпти. Хулоса қилишга шошилмайлик.

Агар муаллим ўқувчилар олдига қўлида китоб, газета ёки журнал билан кирса, ўқувчилар “Газетани ўқисак бўладими?”, деб қизиқиб сўрайди. Бунга иш фаолиятимда дуч келганман. Адабиёт дарсини оладиган бўлсак, ўқитувчи мавзуга оид асар ёки янги чиққан китоб билан дарсга келса, ўқувчилар китобни варақлаб кўришади, айримлари ўқиб келиш учун сўрашади. Тўғри, муаллим болаларни китоб ўқишга тўлиқ жалб қила олмайди. Агар ота-она ҳам уйда китоб, газета ўқиса, беихтиёр болалар ҳам уларга эргашади. Ота-она, ўқитувчи газета-журнал ўқимаса, боладан нимани кутиш мумкин? Ёшлар кимга эргашсин?

Вақти-вақти билан мактабларда очиқ дарслар ўтказилади. Ўқитувчи очиқ дарсга тайёргарлик кўради ва машғулотни ноанъанавий тарзда кўргазмали қуроллар билан ўтади. Дарс тугагач, ўқувчилар “Қанийди, ҳар бир дарс шу тарзда ўтилса”, дейишганини эшитганман.
Муаллимлар орасида шундай ўқитувчилар борки, улар 20-30 йилдан буён мактабда фаолият олиб боради. Ўтиладиган мавзу уларга ёд бўлиб кетган, аммо дарсни ҳафсаласиз, чарчагандек ўтади. Мавзуни тушунтириб бўлгач, “Мисол ишла”, “Расм чиз”, “Янги мавзуга конспект ёз”, деб топшириқ беради. Ҳафсаласизлик билан тушунтирилган дарс ўқувчига етиб бормайди. Ҳозирги замон болаларига мотивация бера оладиган руҳда дарс ўтиш лозим.

Ҳамма айбни мактаб ўқитувчисига тўнкашдан олдин у нега ҳафсаласиз дарс ўтишини ўйлаб кўрсак. Ўқитувчилар дарсга келмаган, ўқимаган болага ҳам “3” баҳо қўйиб беради. Ваҳоланки, “2” баҳо қўйиб, синфдан синфга қолдирса бўлади. Лекин муаллим йиллар давомида таълим берган ўқувчисига ўз фарзандидек меҳри тушиб қолади. Боланинг руҳи синмасин, деб, ўқимаса ҳам “3” баҳо қўйиб беради. Бу биринчи хато деб ўйлайман. Меҳрибонлигимиз туфайли “3” га ўқиган болага “4”, “4” га ўқиган болага “5” қўйиб берамиз. Яшириб нима қилдик, биз ҳам шундай ўқиганмиз. Айрим болалар 11 йил ўқиб, ҳатто битта фанни ҳам ўзлаштира олмайди.

Ўқитувчининг чоракликка “2” баҳо қўймаслигининг яна бир қанча сабаблари бор. Агар ўқитувчи “2” баҳо қўйса, синфнинг ўзлаштириш фоизи тушиб кетади. Мажлисда фан ўқитувчиси билан бирга синф раҳбари гап эшитади. Ўқитувчилар устамага ҳужжат тайёрлаганда, ўқувчиларининг ўзлаштиришига қараб балл қўйилади. Ўша томонларини инобатга олиб, яхшироқ баҳо қўйилади.
Яна бир сабаби бор. Айрим ота-оналар мактабга келиб, “Нега паст баҳо қўясан, устингдан арз қиламан”, деб жанжал қилади. Муаллим гап уқтириб бўлмайдиган ота-она билан тортишмай, баҳо қўйиб беради. Уларга билим эмас, баҳо керак.

Билимсиз ёшлар мустақил ҳаётга қадам қўйгач, турли қийинчиликларга дуч келиб, руҳий тушкунликка тушиб қолади. Гоҳида, руҳий тушкунлик оқибатида ёшлар ёмон йўлга кириб кетади. Иши юришмайди, тенгқурлари сингари яхши натижаларга эришмайди, у ҳам фойдали иш қилгиси келади, аммо вақтида билим олмаган, қўлидан ҳеч иш келмайди.

Муниса Шамсиева.