Самарқандда ўрмон-ландшафтларини тиклаш бўйича RESILAND лойиҳаси амалга оширилади

Шу йилнинг апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Иқлим форумида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Жаҳон банки расмийлари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон мўътадил манзараларни тиклаш лойиҳаси” (RESILAND)ни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган эди. 

Жаҳон банки ушбу лойиҳа учун умумий қиймати 153 миллион АҚШ доллари бўлган имтиёзли кредит ва грантлардан иборат молиялаштириш пакетини тақдим этмоқда. Мазкур маблағ Марказий Осиёнинг беш давлатида зарарланган ўрмонлар ва ерларни қайта тиклашга қаратилган минтақавий дастур доирасида ажратилади.

Хусусан, Ўзбекистонда RESILAND лойиҳаси доирасида “Яшиллойиҳа” институти ва Халқаро тараққиёт уюшмаси (IDA) кўмагида Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги 37 та ўрмон хўжалиги, 5 та миллий табиат боғи ва 2 та ўрмон-овчилик хўжалигида экологик таснифлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳон банкининг Марказий офиси вакилларидан иборат делегация Самарқанд вилоятида бўлиб, “Ўзбекистонда барқарор ўрмон-ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган экологик таснифлаш ишлари билан танишди.

— Самарқанддаги ўрмон хўжаликлари ва табиат боғларида экологик таснифлаш ишлари яйловларни тиклаш, ўрмонларни табиий тикланишга кўмаклашиш, ер эрозиясига қарши чоралар кўриш, доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш, саноат ўрмонларини барпо этиш ва экотуризмни ривожлантириш йўналишларида амалга оширилмоқда, — дейди Жаҳон банки лойиҳалари раҳбари Асферачо Абате Абебе. — Ҳар бир ҳудудда фаолият турига қараб чегара устунлари ўрнатилган, экологик мониторинг тизими жорий этилган. Таснифлаш ишлари халқаро ROAM (Restoration Opportunities Assessment Methodology) методологияси асосида иқлимий, геоботаник ва ижтимоий омиллар инобатга олинган ҳолда амалга оширилмоқда.

RESILAND лойиҳаси мутахассиси Нодира Аҳмедхўжаеванинг таъкидлашича, вилоятда лойиҳа доирасида жами 24 минг 250 гектар майдонда таснифлаш ишлари олиб бориш белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар 19 минг 819 гектар ерда экологик таснифлаш жараёнлари амалга оширилган. Лойиҳа ҳамкорлари агроўрмончилик имкониятлари ва маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда олиб борилаётган ёндашувлар, лойиҳа жамоасининг малакаси, илмий асосланган ёндашувлари ва маҳаллий шароитларга мос ечимларини юқори баҳолади.

Бироқ айрим йўналишларда юқори ижро қайд этилган бўлса-да, яйловларни тиклаш ва саноат ўрмонларини ривожлантириш каби соҳаларда натижаларни янада яхшилаш зарур. Лойиҳанинг асосий устуворлиги — бутун ландшафтни барқарор тиклаш ва экотизимлар ўртасидаги ўзарао боғлиқликни таъминлашдан иборат.

Фазлиддин Рўзибоев.